Ўзбекистонда АЭС қурилиши лойиҳаси орқали ядро технологиялари арзон ва тежамкор электр энергиясини олиш имконини бериши ҳақида аллақачон хабар топганмиз —  деб бу хақда  «Дарё» нашри хабарберади . Шунинг билан бирга, ядровий технологиялар энергетика соҳасига тааллуқли бўлмаган соҳаларда, мисол учун, тиббиётда фойдаланилади ва саратонга қарши курашда ҳам қўлланилади. Қуйида ядровий тиббиёт ҳақидаги соҳа мутахассислари томонидан «Дарё»га тақдим этилган мақола эътиборингизга ҳавола этилади.

Фото: Google Images

Ядровий тиббиёт – бу замонавий тиббиётнинг энг инновацион ва тез ривожланаётган йўналишларидан бири. Ядровий тиббиёт усуллари шифокорларга касаллик ривожланишининг бошланғич босқичида хавфли саратон ҳужайраларини аниқлашда ёрдам беради, бу эса деярли 100% ишонч билан даволаниш имкониятини беради.

Ядровий тиббиёт – радиофармасотик деб аталадиган радиоактив изотопларни ўз ичига олган фармацевтик препаратлардан фойдаланган ҳолда касалликларни ташхислаш ва даволашдир. Радиофармацевтик препаратлар турли органларнинг саратонини ташхислаш ва даволаш учун кенг қўлланилади.Радиофармацевтик препаратлар билан даволашнинг афзалликлари орасида унинг маҳаллий таъсир этувчи хусусияти ҳисобланиб, кимёвий терапиядан фарқли ўлароқ бутун организмга таъсир кўрсатмайди, — деб изоҳ беради, Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институтида фаолият юритувчи «Радиопрепарат» корхонаси директори, техника фанлари номзоди Аюбхон Абдуқаюмов.

Ҳар қандай касалликнинг дастлабки босқичларида ташхис қўйиш муҳимдир. Саратон касалликларида эса бу жуда ҳам муҳим рол ўйнайди. Ядровий тиббиёт усуллари саратоннинг дастлабки босқичларида ташхис қўйиш имконини беради.

«Энг сўнгги жиҳозлар ва юқори малакали ходимлар билан биргаликда минимал миқдордаги препаратлардан фойдаланиш қулай, тезкор ва аниқ текширишни таъминлайди. Ядрокимёвий усулларнинг ноёблиги касалликнинг дастлабки босқичларида, яъни инсон касаллик аломатларини сезмайдиган даврда, органларнинг ҳаётий функцияларининг аномалияларини аниқлашга имкон беради. Бу турли касалликларни тезда аниқлаш ва даволаш имконини беради ҳамда даволаниш учун сарфланувчи харажатларни ҳам тежашда қўл келади. Масалан АҚШ, Япония, Ғарбий Европа ва Австралияда олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бу мамлакатларнинг соғлиқни сақлаш тизимига нисбатан солиштирилганда, ядро тиббиётига сарфланган 1 АҚШ доллари бошқа соғлиқни сақлаш ҳаражатларини, яъни жарроҳлик амалиётлари, шифохонада даволаниш ва ҳ.к., 1,5 АҚШ долларидан 2,5 АҚШ долларигача тежаш имконини беради»,— деб таъкидлади, Россия Федерацияси Тиббиёт ва техника фанлари академиясининг аъзоси, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош радиологи Дамир Зарединов.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ядровий тиббиёт усуллари академик Я. Холматов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий марказининг Ядро тиббиёти кафедрасида ва академик V. Voxидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказининг радиоизотоп ташхис лабораторияси бўлимида қўлланилмоқда. Ушбу бўлимда ёд-131 радиоизотопини қўллаш ёрдамида қалқонсимон без касалликлари ташхиси ва даволаниши, шунингдек, қалқонсимон без саратонининг ҳам даволаниши амалга оширилади. Сўннги йилларда 850 дан ортиқ беморлар ёд-131 радиотерапиясини ўтади. Шунингдек, Эндокринология ИАИ ва V. Voxидов номидаги РИЖМ самарий-153 оксабифор радиофармпрепарати ва технеция генераторидан фойдаланишни йўлга қўйди.

— Аталиши қийинроқ бўлган самарий-153 оксабифор препарати суяк метастазасидаги оғриқни қолдириш ва даволаш учун фойдаланилади. V. Voxидов номидаги РИЖМда технеций-99 (саратон, юрак-қон томир касалликлари, бош мия, буйрак, жигар ва бошқа касалликлар ташхисида қўлланиладиган радиофармпрепарат) ёрдамида йилига 2000 тагача ташхис тадқиқотлари ва самарий-153 оксабифор дори воситасини қўллаган ҳолда 300 тагача суяк метастазасининг радиотерапияси ўтказилади. Самарий-153 препарати қон томирлари ичига юборилади, дори суяк тўқимасида ва асосан саратон метазтазаларида тўпланади. Препаратнинг бир дозаси 6 ой мобайнида оғриқсизлантиради ва саратон ўсмаларини ремиссияда (саратон ривожланишини тўхтади) ушлаб туради ва кунлик қабул қилинадиган кучли оғриқни қолдирувчи дори воситаларини, мисол учун – морфий, ўрнини босади. Шунингдек, дорилардаги радиация миқдори бутун организмни нурлантириш учун кам ҳисобланади, аммо маълум бир жойдаги саратон ҳужайраларини йўқ қилиш учун етарли, дейди Аюбхон Абдуқаюмов.

Агар бугунги кунда мамлакатдаги иккита тиббиёт марказида ядро тиббиёти усулларини қўллаган ҳолда ташхис ва терапия қилиш мумкин бўлса, идеал ҳолатда, ҳар бир вилоятнинг аҳолиси инновацион усулдан фойдаланиш имконига эга бўлиши керак. Бу масала бўйича Ўзбекистонда АЭСни қуриш бўйича қарор қабул қилингандан сўнг ҳақиқий ўзгаришларга бўлган қадамлар кузатилмоқда. Зеро, мамлакатда АЭСни қуриш нафақат ядро технологияларини, жумладан, ядровий тиббиёт ривожланишига ҳам туртки бўлади.

«Келгусида ‘Росатом’ давлат корпораяцияси билан ҳамкорликда Фанлар академияси Ядро физикаси институти негизида ‘Ядровий тиббиёт маркази’ қўшма корхонасини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу марказда нафақат радиофармпрепаратлари ёрдамида ташхис қўйиш ва даволаш, протон ва нейтрон терапияси ҳам амалга ошириш режалаштирилмоқда. Олдимизга қўйган режаларимиз бисёр ва катта инвестицияларни, шунингдек, малакали кадрларни тайёрлашни ҳам талаб қилади. АЭС учун бўлажак кадрларни тайёрлаш мақсадида ҳозирги кунда Москва мухандислик – физика институти (ММФИ) филиалини очиш учун тайёргарликлар амалга оширилмоқда ва бу лойиҳа амалга ошса, умид қиламизки мазкур институтдан ядровий тиббиёт соҳаси учун ҳам малакали кадрлар етишиб чиқади», —деб таъкидлади Аюбхон Абдуқаюмов.

От qwert.uz