Мактабгача таълим вазири Агрипинна Шин бошчилигидаги ишчи гуруҳ Сурхондарё вилоятидаги MTMлар фаолияти ва уларда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Бу ҳақида вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.  — deb bu haqda «Daryo» nashri  xabar beradi 

Фото: ЎзА

Ишчи гуруҳи аъзолари Денов туманидаги ҳарбийлар шаҳарчаси, Боғи Эрам маҳалласида жойлашган SMART KIDS хусусий мактабгача таълим муассасасида бўлди.

Давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилган бу муассасада кенг қамровли қурилиш ишлари амалга оширилди. Муассаса замонавий ускуналар ва мебел жиҳозлари билан таъминланган бўлиб, иситиш-совутиш, вентиляция, ошхона, электр, ахборот-коммуникация технологиялари шулар жумласидандир.

150 ўринга мўлжалланган бу MTM шу йилнинг январь ойида иш бошлаган. Муассасада болаларнинг жисмонан ва ақлан ривожланишлари учун барча шароитлар яратилган.

SMART KIDS мактабгача таълим муассасаси ҳарбий бўлим ҳудудида жойлашгани сабабли ишчи ходимларнинг 15 нафари ва тарбияланувчиларнинг 80 фоизини ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва фарзандлари ташкил этади.

Ишчи гуруҳнинг кейинги манзили Сурхондарё вилояти Термиз туманидаги Тинчлик маҳалласида жойлашган «Камалак» мактабгача таълим муассасаси бўлди. Ушбу муассаса давлат-хусусий шериклиги асосида «Термиз Транс Gold» МЧЖ раҳбари Фахриддин Холмуродов томонидан 2 675 миллиард сўм имтиёзли кредит асосида барпо этилди. Унга туман ҳокимининг 2018 йилдаги қарори асосида нол қийматда 0.45 гектар ер майдони ажратилган.

Февраль ойида иш бошлаган MTM 120 ўринга мўлжалланган бўлиб, айни кунда 90 нафар бола 4 гуруҳда тарбияланмоқда. Бу ерда 13 нафар малакали тарбиячи фаолият кўрсатади.

Муассасада рус ва ўзбек гуруҳлари фаолият олиб боради. Тарбияланувчилар учун шахмат-шашка, рақс, инглиз тили, ашула тўгараклари ташкил этилган.

Термиз шаҳридаги 12-мактабгача таълим муассасаси ҳам ишчи гуруҳ эътиборидан четда қолмади.

300 ўринга мўлжалланган ушбу муассаса Термиз шаҳар, «Паттакесар» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 1980 йилда фойдаланишга топширилган бинода жойлашган эди.

Ўтган йили бу MTM капитал таъмирланиб, замонавий қиёфа касб этди. Муассасада жами 21 педагог-ходим ишлайди. Муассасада жами 12 та гуруҳ бўлиб, шундан рус тилига мослаштирилган гуруҳлар сони 5 тани ташкил этади.

Вазир А.Шин бошчилигидаги ишчи гуруҳ Сариосиё туманидаги «Сангардак» МФЙ ҳудудида қурилаётган MTMда ҳам бўлди. Ушбу давлат мактабгача таълим муассасаси 2 қаватли бўлади, 100 ўринга мўлжалланган.

«Сангардак» МФЙда айни кунда 3—7 ёшли болалар сони 167 нафарни ташкил этади. Ушбу муассаса иш бошлаши билан улардан 100 нафари қамраб олинади. Янги MTMнинг тантанали очилиш маросими 1 июнь кунига белгиланган..

От qwert.uz