Эндиликда хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун иш жойи ёки маҳалла (ишсизлар учун) томонидан тасдиқлаш талаб этилмайди — деб бу хақда «Daryo» нашри xabar beradi  «Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун анкета шаклини тасдиқлаш ҳақида»ги Ички ишлар вазирининг буйруғи Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган, деб ёзади «Халқ сўзи».

Фото: «Халқ сўзи»

Буйруққа кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун анкета шакли 11 банддан иборат бўлади ва унда паспортни олиш учун ариза берган фуқаро иш жойи ёки маҳалладан (ишсизлар учун) махсус сўровни тасдиқлатиши шарт бўлмайди. Шу кунга қадар хорижга чиқиш паспортини олиш истагида бўлган фуқаролар иш жойи ёки маҳалладан сўровни тасдиқлатиши шарт бўлиб турибди.

Анкетада ариза берувчининг исм-шарифи, жинси, туғилган йили, ойи, куни ва жойи, илгари бошқа фамилияда бўлган-бўлмагани, телефон рақами, шахсни тасдиқловчи паспорт маълумотлари, иш (ўқиш, хизмат) даврида давлат сирига тааллуқли маълумотлар билан танишиш учун расман рухсатноманинг бор ёки йўқлиги, меҳнат дафтарчасидан сўнгги 5 йилликдаги иш фаолияти, ҳарбий хизматга чақирилишга мажбурий эмаслиги ва турмуш ўртоғи бўйича маълумотлар сўралган. Анкетанинг сўнгги бандида анкетадаги ёлғон маълумотларнинг мавжудлиги паспорт берилишининг рад этилишига сабаб бўлиши эслатиб ўтилган.

Бундан ташқари мазкур буйруқда 16 ёшга тўлмаган болалар учун ҳам хорижга чиқиш паспортини олиши бўйича анкета намунаси тақдим этилган.

Эслатиб ўтамиз, хорижга чиқиш паспорти 2019 йилнинг 1 январидан, илгари амалда бўлиб келган, икки йил муддатга тақдим этилган хорижга чиқишга рухсат берувчи стикер (ОВИР) ўрнига жорий этилган. Хорижга чиқиш паспорти 10 йил муддатга тақдим этилади.

Буйруқ лойиҳаси 25 майга қадар муҳокамада бўлади.

От qwert.uz