.«Дарё» ўтаётган ҳафтада дунё матбуотида кенг ёритилган, кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлган мақолалар шарҳига тўхталиб ўтади — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради
Facebook хавф туғдирмоқдами?
Фото: Getty Images
The Daily Mail нашрининг ёзишича, Facebook асосчиларидан бири Крик Хьюз собиқ ҳамкор Марк Цукерберг «таъсири чексиз ва Америка тушунчаларига бегона» эканлигини билдириб, компанияни бўлиб ташлашга чақирган.
35 ёшли Хьюз Facebook компаниясини яратишга ёрдам берган ва 2007 йилда Барак Обама билан ишлаш учун компанияни тарк этган эди. Унинг таъкидлашича, Facebook Instagram ва WhatsApp’ни сотиб олгандан кейин сўз эркинлигини, инновация ва рақобатбардошларни бўғиб ташлашга қодир бўлган гигантга айланган.
«Маркнинг таъсири ҳайратланарли, у ҳукумат ёки хусусий соҳадаги ҳар қандай кишининг таъсиридан ҳам юқоридир», — дейди Хьюз.
Facebook вице-президенти Ник Клег Хьюзга Daily Mail орқали жавоб бериб, ютуққа эришганини, шу билан масъулияти ҳам ошганини ва айни пайтда Цукерберг ҳукумат раҳбарлари билан учрашганини билдирди.
Хьюз эса Цукербергнинг бошлиғи йўқлигини ва шунинг учун у чексиз таъсирга эга бўлиб қолганини айтиб, ҳукуматни монополияга қарши қонунлар асосида бўлиб юборишга чақирди. Унинг фикрича, Instagram ва WhatsApp’ни сотишга мажбур қилинсагина Facebook’нинг жиловини тизгинлаш имкони туғилади.
Daily Mail хабарига кўра, демократик партиядан президентликка номзод сенатор Элизабет Уоррен президент бўлса, Facebook, Amazon ва Google Alphabet Inc’ни бўлиб юборишга ваъда берган. Дональд Трамп ҳам кўп сонли ва адолатлироқ бўлган ижтимоий тармоқлар яратишга чақирган.
«Марк яхши, олийжаноб инсон, лекин мен унинг ривожланишига уриниб, хавфсизликни қурбон қилганидан хафаман», — дейди Хьюз.
Хуллас, Америкада монополияларни ва уларнинг чексиз ҳукмронлигини ёқтирмайди. Сабаби, монополия қандай хавфли оқибатларга олиб келиши мазасини XIX–ХХ аср бошларида татиб кўрган.
АҚШ – Хитой савдо уруши авж паллага чиқди
Фото: Google Photos
АҚШнинг Хитой билан савдо уруши Трамп президент этиб сайланган даврдан бери унинг энг қалтис сиёсати бўлиб қолмоқда, деб ёзади Bloomberg агентлиги. Молиявий таҳлилчиларнинг фикрича, тарифлар урушидан иқтисодиёт миллиардлаб доллар зарар кўрмоқда, молиявий оқибатлар бу савдо урушида мағлубиятга учраган тараф учун мислсиз йўқотиш бўлиши мумкин. Хитой эса АҚШнинг бу сиёсатига қарши «қонга қон, жонга жон» тамойилидан келиб чиққан ҳолда жавоб бермоқда.
Дональд Трамп Осакада ўтадиган G20 саммитида учрашишини билдирган бўлса-да, савдо урушини давом эттирмоқда. АҚШ савдо вазирлиги 13 май санасида Хитойдан келтириладиган болалар ўйинчоқларидан тортиб компьютерларгача жами 360 миллиард долларлик маҳсулотларга 25 фоизлик божхона солиғи жорий этилишини маълум қилди. Агар Трамп бу сиёсатни амалга оширадиган бўлса, бу америкаликларнинг ўзига зарар келтириши мумкин. Қизиқ жиҳати, бу сиёсат Трамп қайта сайланмоқчи бўлаётган пайтда юз бермоқда. Аммо Трамп «умидбахш» битимлар тузиш ҳақида ҳам гапирмоқда.
«Барча шароитлар яратилган вақтда биз керакли соатда Хитой билан битимга келишамиз… Бироқ бу битимлар АҚШ учун манфаатли бўлиши шарт», — деб таъкидлади Дональд Трамп. Олдинроқ Трамп расмий Пекинни санкцияларга жавоб чоралари қўллашда жуда чуқурлашиб кетмасликка чақирган эди.
Иқтисодиётчилар амалдаги тарифлар вақти келиб Америка иқтисодиётини секинлаштиришини айтмоқда. Шунингдек, улар мавжуд савдо кескинлиги Хитойнинг бутун савдосига ёйилиб кетишидан хавотир билдирмоқда. Агар шундай бўлса, Хитой кучли жавоб чораларини ишлаб чиқиши ва бу АҚШ иқтисодиёти орақага кетишига олиб келиши мумкин.
Хитой ҳукумати ҳам 1 июндан бошлаб АҚШ маҳсулотларига бож оширилишини маълум қилди. Бу билан Хитой АҚШ чақириғини эътиборга олмади. Хитой савдо вазирлиги АҚШнинг 2493 турдаги маҳсулотларига 25 фоизлик тариф божларини жорий қилиши АҚШ иқтисодиётига берилган зарбалигини таъкидлади. Вазиятнинг янада кескинлашуви истеъмол товарларининг қимматлашувига олиб келиб, АҚШ иқтисодиёти ривожланишига тўсиқ бўлади.
Трамп эса Хитойни деярли тайёр бўлиб қолган битимдан чиқиб кетишда айблай бошлади ва кўпгина Хитой компанияларини мамлакатдан чиқариб юбориш билан пўписа ҳам қилди. Кескинлик шу даражага етдики, АҚШ Хитойнинг Huawei компаниясини Эронга молиявий ёрдам берганликда ҳам айблаб, қора рўйхатга киритиб қўйди.
Хитой ҳозирча жавоб чораларини жуда «кескинлаштиришдан» тийилиб турибди. 60 миллиардлик 25 фоизли тариф божларини фақатгина кичикроқ учоқлардан тортиб тўқимачилик саноати маҳсулотларига киритди.
Аммо битим тузилмаса, АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо уруши жаҳон иқтисодиётига ҳам таъсир қилиши мумкин.
Жанубий Африка Республикасидан нимани ўрганиш мумкин?
Бентри Бэй, Кейптауннинг бойлар яшайдиган даҳаси.
Фото: Time
ЖАРда анчадан бери ирқчилик мавжуд эмас, қора танлилар 1994 йилдан бери ҳокимият тепасида. Лекин аҳолининг катта қисми ҳануз харобаларда яшамоқда; ўзгариш шуки, бой даҳалар фақат оқ танлиларники бўлмай қолди. Аммо бу ерда ўрнашган оқ ва қора танли бойлар ўзларини қашшоқроқ қора танлилардан ажратиб олаётгани апартеид мавжуд бўлган даврларданда хунукроқ тус олган, деб ёзади The Time нашри.
ЖАР, 25 йил ўтибдики, қонун олдида ҳамма тенг бўлишига қарамай оқ танли бойлар ва қора танли қашшоқлар мамлакти бўлиб қолмоқда. Оз сонли қора танли бойлар ҳам бор, лекин кам. ЖАР энг ноинсоний ирқчи давлатдан энг иқтисодий нотинчлик ҳукм сураётган давлатга айланган.
Қашшоқлар яшайдиган манзил уйлар.
Фото: Time
Жаҳон банки ўтган йили ЖАРда аҳолининг 10 фоизини ташкил қилувчи бойлар мамлакатнинг 70 фоиз бойлигига эга эканини, 60 фоизни ташкил этган қашшоқлар эса 7 фоиз бойликка эгалигини эълон қилди. Бу 60 фоиз қашшоқларга нафақат қора танлиларнинг ўзи, балки мулатлар ва асосан ҳиндлардан иборат осиёликлар ҳам киради. Бу мустамлакачилик ва қуллик даврининг меросидир. Умуман олганда, қашшоқ ЖАР аҳолиси кунига 5 доллардн камроқ маблағга яшайди.
Тенгсизлик кейинги пайтда ривожланаётган мамлакатларда ҳам кучайиб бормоқда. Аммо бу борада ЖАР илғор бўлиб, қашшоқларнинг аҳволи апартеид давридагидан-да ёмонроқ.
Манделанинг халқи ирқчилик ва жазолар мамлакати ўрнига тенгликка асосланган янги жамият қурмоқчи эди. Аммо Манделанинг орзулари рўёбга чиқмади. Бунинг сабаби нимада?
Қора танли раҳбарлар орасида коррупция авж олган. Ишсизлик даражаси юқори. Таълим дастурлари ночор ва саёз. Соғлиқни сақлаш тизими емирилмоқда. Ер масаласи ҳал қилинмаган. Бўш, фойдаланилмай ётган ерлар анчагина. Ҳукумат ўз ваъдаларини бажармай келади. Арзон уй-жойлар дастури охирига етказилгани йўқ. Хароба манзилгоҳлар сони 1994 йилда 300 та бўлган бўлса, айни пайтда 2700 тадан ортиқдир. Ҳукумат мансабдорлари ўз вазифасига лойиқ эмас ва ислоҳотлар фақат оғиздан қоғозгагина кўчяпти. ЖАР бой мамлакат бўлишига қарамай, бошқа мамлакатларга ўрнак бўла олмади.
Доллар ҳукмронлиги тугайдими?
Фото: Reuters
АҚШ ва Хитой ўртасида давом этаётган савдо уруши шароитида ASEAN+3 маҳаллий валютадан фойдаланишни кенгайтириш ва иена билан юанни асосий маҳаллий захира воситасига айлантиришга уринмоқда. Бу Осиёнинг ички ҳудудий молиявий алоқаларини мустаҳкамлашга ва долларга асосланган молиявий тизимдан халос бўлишга интилаётганини билдиради, деб ёзади South China Morning Post.
Мутахассислар савдо уруши доллар устунлигини заифлаштиради ва истеъмол моделини ўзгартириб, инвестициялар глобализациядан қочишига олиб келади, деб ҳисобламоқда. Улар глобаллашган савдо тизими ўрнига учта йирик минтақада — АҚШда, Европа Иттифоқида ва Хитойда ҳар бири мустақил амал қиладиган тизимлар вужудга келади, деб айтмоқда.
Аввалроқ Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари уюшмаси — ASEAN’га кирган ўн мамлакат, шунингдек, Хитой, Япония ва Жанубий Корея (улар биргаликда ASEAN+3 ташкилотини ташкил этган) иена ва юанни йирик валюта жамғармасига киритишни ўйлаётгани хабар қилинган эди. Бу Чиангмай ташаббуси деб аталганди.
240 миллиард долларлик Чиангмай фонди 1997 йилдаги Осиё молия инқирозига жавобан вужудга келган эди. У ўз аъзо давлатларига инқироз пайтида суғурта вазифасини бажариши кўзда тутилган эди.
ASEAN’га Бруней, Камбоджа, Индонезия, Лаос, Малайзия, Мьянма, Филиппин, Сингапур, Таиланд ва Вьетнам аъзодир.
Ҳозирга қадар Американинг дунёдаги таъсири, унинг ҳарбий қудратига эмас, балки кўпроқ молиявий кучига, барча савдо алоқаларида доллар ишлатилишига, Америка капитал бозори ва банклари қудратига асосланган эди.
Хитой эса тобора кўпроқ ўз бозорларини чет мамлакатлар учун очмоқда. Бунга айниқса «Бир макон — бир йўл» сиёсати ёрдам бермоқда. Хитойнинг иқтисодий ўсиши АҚШнинг ғашига қанчалик тегмасин, жаҳон молиявий тизимида ўзгаришлар кутаётган мутахассислар ҳақ бўлиб чиқиши мумкин.
Рақиблар қуршовида
Фото: «РИА Новости»
Иқтисодий тараққиёт борасида Хитойни таъқиб қилаётган Ҳиндистонда сайловлар яқин бўлса-да, АҚШ – Хитой, АҚШ – Россия муносабатлари диққат билан кузатиляпти, деб ёзади The Indian Express.
Ўтган ҳафта АҚШ – Хитой савдо музокаралари барбод бўлди. Бу ҳафта Вашингтон Россия билан муносабатларига диққат қаратди. Буюк давлатлар ўртасидаги муносабатлар ноаниқ бўлгани сабабли Ҳиндистоннинг янги ҳукумати АҚШ, Хитой, Россия ўртасидаги беқарорликни ҳал қилишига тўғри келади. Июнь ойидаги учрашувлар — Бишкекдаги ШҲТ ва Осакадаги G20 — ҳинд раҳбариятига буюк давлатлар ўртасидаги муносабатлар қандай ривожланишини пайпаслаб кўриш имконини беради.
Соғлом ақлдан келиб чиқадиган бўлсак, чуқур иқтисодий боғлиқликда бўлган АҚШ ва Хитой низони кучайтирмаслиги лозим. Лекин АҚШ ва Россия ўртасидаги қарама-қарши кайфиятлар уларни ўзаро ҳамкорлик қилишига йўл бермаса керак.
АҚШ учун муаммо Хитой билан савдо дефицитигина эмас, «тизимли» хавфда ҳамдир. АҚШ Хитойни интеллектуал мулкни ўғирлашда айбламоқда. АҚШ ўз дўстлари ва иттифоқчиларини Huawei компаниясига 5G тармоғини ривожлантиришга рухсат бермасликка чақирмоқда. АҚШ Хитойнинг Жанубий Хитой денгизидаги тажовузкор сиёсатини жиловлаб турибди ва Тайванга стратегик ёрдамни кучайтирмоқда.
Россия масаласида Трамп маъмурияти Хитойдан фарқ қилиб, уни Европанинг бир қисми деб ҳисоблайди. Трамп Россияга давлат котиби Майк Помпеони юборди, лекин музокаралар ҳозирча кутилган натижани бермади. Умид энди Осака саммитидан.
Хитой билан қрама-қаршилик АҚШга қийинчиликлар туғдиради. Россия билан қарама-қаршилик янада қийинроқдир. Россия билан битим Вашингтонда кескин қаршиликка учрайди.
Буюк давлатлар ўртасидаги зиддиятлар қандай бўлмасин, Ҳиндистон учун ҳам ижобий, ҳам салбий оқибатларга олиб келади. Деҳли суст савдо сиёсатидан воз кечиши лозим. АҚШ, Хитой ва Россия ўртасидаги сиёсий ўзгаришлар Ҳиндистонга вақтинча бўлса ҳам стратегик имкониятлар юзага келтирадики, улардан оқилона фойдаланиб қолиш керак.
Ҳа, Ҳиндистон ҳам қулай пайт келишини сабр билан кутмоқда.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.