20 майнинг эътиборга молик янгиликлари — «Дарё» дайжестида.
Фото: Euronews
Самарқандда бир оиланинг 5 аъзосини ўлдирганлар 22 млн сўм ва Samsung телефонини қўлга киритгани маълум бўлди. Улар марҳумлар билан маҳалладош бўлган — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради .
Гумон қилинувчилар Ғ.Т., Ж.У., Ш.Э. ҳамда Х.Н.нинг содир этган жиноятлари уларнинг иқрорлик кўрсатувлари, гумон қилинувчиларнинг кўрсатувларини ҳодиса жойида текшириш тергов ҳаракатлари, ашёвий далил тариқасида олинган жиноят қуроллари бўлган 4 дона темир бўлаклари, марҳум Ж.И.га тегишли бўлган Samsung Galaxy А8 русумли телефон аппарати, марҳумларга тегишли бўлган пул маблағлари, жиноят содир этиш вақтида гумон қилинувчиларнинг эгнида бўлган кийимлари ва бошқа далиллар мажмуи билан тўлиқ тасдиқланмоқда.
***
Владимир Зеленский Украина президенти сифатида қасамёд келтирди.
Парламентдаги маросимда унга президентлик рамзлари — кўкрак нишони, гербли муҳр ва чўқмор топширилди. Рада йиғилишида депутатлардан ташқари 50 дан ортиқ хорижий делегация иштирок этди.
Зеленский ўзининг инаугурацияси вақтидаги нутқида Олий радани тарқатиб юборишини эълон қилди.
У, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасига истеъфога чиқишни таклиф қилди.
Кейинроқ эса Зеленский амалдорлардан унинг портретини идораларга осмасликни сўради.
***
Тожикистондаги қамоқхонада маҳбусларнинг исён кўтариши оқибатида 32 киши ҳалок бўлди.
19 май, якшанба куни кечқурун Душанбе шаҳридан 15 километр жануби-шарқда жойлашган Вахдат шаҳридаги қатъий режимдаги колонияда юз берган исён оқибатида уч нафар қўриқчи ва 29 нафар маҳбус ўлдирилди.
***
«Аҳмадбой иши»: Аҳмаджон Турсунбоевга яна бир жиноят иши бўйича ҳукм ўқилди.
Судланувчи Аҳмаджон Турсунбоев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 168-моддаси (фирибгарлик), 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришда назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга узил-кесил 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
***
Ислом Каримов хавфсизлик хизмати бошлиғи ва собиқ давлат маслаҳатчиси Муиджон Тоҳирий 3,5 йилга қамалди.
Муиджон Тоҳирий Жиноят кодексининг 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 207 (мансабга совуққонлик билан қараш) ва 209 (мансаб сохтакорлиги) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.