АҚШда олимлар саратон пайдо бўлишининг олдини олиши ёки унинг ривожланишини тўхтатиши мумкин бўлган вакцинани синовдан ўтказишни бошлади. «Korrespondent.net»нинг ёзишича, тадқиқотни Стивен Жонсон Аризона штати университетидан бўлган ҳамкасблари билан биргаликда 10 йилдан буён олиб бормоқда  — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради .

Фото: EPA

Ушбу вакцина итларда синовдан ўтказилмоқда. «Уларда ўсимта қарилик сабабли тўсатдан ривожланади ва одамларда унинг пайдо бўлиш жараёнига жуда ўхшайди», — деб таъкидлаган олим.

Қайд этилишича, яқинда Жонсон жамоаси саратонга қарши вакцинани 800 та итларда синовдан ўтказишни бошлаган. Тадқиқот давомида ушбу препарат ўсимта пайдо бўлишини тўхтатиши ёки олдини олиши ёки олмаслиги аниқланади. Вакцина соғлом итларга қилинади ва улар бир неча йил давомида кузатилади. Эмлаш таъсир қилгани ёки қилмагани 3—5 йилдан сўнг маълум бўлади.

Таъкидланишича, онкология бўйича аксарият мутахассислар гриппга қарши эмлаш каби саратонни олдини олувчи вакцина яратишнинг деярли имкони йўқ, деган фикрда. Гап шундаки, саратоннинг турли кўриниши молекуляр даражада ўзини турлича тутади.

«Улар ҳақ бўлиши мумкин. Лекин вакцина фойда бериши эҳтимоли атиги 10 фоизни ташкил этган тақдирда ҳам шу имкониятни синаб кўрмаслик учун сабаб кўрмаяпман», — деган Жонсон.

Тадқиқотчиларнинг айтишича, агар синов муваффақиятли ўтса, бундай вакцина одамлар учун ҳам яратилиши мумкин.

От qwert.uz