Гулнора Каримова 2017 йил декабрь ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги суд-тиббий экспертизасидан ўтказилганда унда маълум бир сурункали касалликлар аниқланган. Бу ҳақда 17 июль куни ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш бош бошқармаси (ЖИЭББ) вакиллари журналистлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда маълум қилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради.

Аввалроқ, Гулнора Каримованинг манфаатларини ҳимоя қилаётган швейцариялик юрист Грегуар Манжа Швейцария Гулнора Каримованинг соғлиғига боғлиқ муаммолар сабаб 555 миллион долларни Ўзбекистонга қайтариш жараёнларини тўхтатиб қўйганини маълум қилган эди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Адлия вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган турли хабарлар юзасидан Гулнора Каримова сақланаётган аёллар колониясида ўрганиш ўтказган. Ўрганиш жараёнида Гулнора Каримовага жисмоний, психологик ёки руҳий босим ўтказиш ҳолатлари кузатилмагани қад этилган. Ушбу даврда Гулнора Каримова саломатлиги ҳисобга олинган ҳолда бирор марта ҳам меҳнат фаолиятига жалб қилинмаган, буни маҳкумалар ҳам, колония маъмурияти ҳам тасдиқлаган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтган анжуманда ЖИЭББ Даволаш профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бўлими бошлиғи Баҳодир Юсупов маҳкума Гулнора Каримовада ўтказилган тиббий текширувлар ҳақида ахборот берди.

Баҳодир Юсупов, ЖИЭББ Даволаш профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бўлими бошлиғи
Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

«Жазони ижро этиш муассасига келиб тушган ҳар бир шахс тиббий кўрикдан ўтказилади. Қон таҳлили натижалари ва бошқа турдаги тиббий кўриклар амалга оширилади. Маҳкума Гулнора Каримова ҳам шу каби текширувлардан ўтган. Каримова 2017 йил декабрь ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги суд-тиббий экспертизасидан ўтказилганда унда маълум бир сурункали касалликлар аниқланган. У 2019 йил 14 мартда 21-сонли жазони ижро этиш муассасига келиб тушганда ҳам тиббий кўрикдан ўтказилган. Гулнора Каримовада мавжуд бўлган сурункали касалликлар зўрайиб кетмаслиги учун бир қанча мутахассислар жалб қилинган. Жумладан, тиббий текширув жараёнларида эндокринолог, гастроэнтеролог каби 10 дан ортиқ шифокорлар ёрдамидан фойдаланилган. Бу шифокорлар бевосита Жазони ижро этиш бош бошқармасидаги маҳкумларга мўлжалланган мутахассис шифокорлар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги етакчи мутахассис шифокорларидир. Ҳозирда Каримованинг саломатлиги қониқарли», — деди Баҳодир Юсупов.

Маълумот учун, Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан 1972 йилда туғилган Каримова Гулнора Исламовнага 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Гулнора Каримова жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузганлиги сабабли жиноят-ижроия қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизматининг тақдимномасига асосан, 2019 йил 5 мартда жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.

От qwert.uz