октябрь, сешанба куни Фарғона вилоятида хонадонга ўғриликка тушган икки жиноий шерик хонадон эгалари томонидан «самосуд» қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси баёнот берди.
Маълум қилинишича, 2019 йил 1 октябрь куни соат 06:30 да 1991 йилда туғилган Аҳмаджон Н. ўз таниши 1968 йилда туғилган Аваз билан учрашиб, олдиндан жиноий тил бириктирган ҳолда фуқаро Алижон Т.га тегишли бўлган хонадонга юзларига ниқоб тақиб кирган — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради .
Улар махсус темир сейфларни очишга мўлжалланган қўлбола усулда тайёрланган темир мослама билан қуролланган. Уйга яширин равишда киргач, у ерда бўлган темир сейфнинг эшигини қайириб очиб, сейф ичида бўлган 12,5 миллион сўм пулларни қўлга киритган. Икки шерик пулларни хона ичида бўлган ёстиқ жилдга солиб, хонадон ҳовлисини ўраган девор орқали чиқиб кетаётган вақтида, Алижон Т.нинг турмуш ўртоғи Одина Т. уларни кўриб қолган. Аёл баланд овозда бақириб, қўшниларидан ёрдам сўраган.
Аҳмаджон Н. ва унинг жиноий шериги хонадон деворидан ошиб, кўчага тушиб қочиб кетган.
Одина Т.нинг ёрдам сўраб бақирган овозини унинг қўшнилари эшитиб, хонадонга кирган Аҳмаджон Н. ва Аваз Х.ни ушлаш учун бошқа қўни-қўшнилари билан бирга уларни ортидан қувган. Қўшнилар жиноий шерикларни Олтиқуш қишлоғида жойлашган «Султонбой» боғдорчилик фермер хўжалиги ер майдони ҳудудида ушлаб олган ва «Мастона» бозорида эҳтиёт қисмлар савдоси билан шуғулланиб турган Алижон Т.га бу ҳақида хабар берган.
Алижон Т. хонадонида ўғирлик содир этилганлиги ва жиноятни содир этган шахслар қўлга тушганлигини билиб, зудлик билан «Султонбой» боғдорчилик фермер хўжалиги ер майдонига қариндоши билан биргаликда етиб келган. Унинг қариндоши жиноятни содир этган Аваз Х.ни юзига уриб, ўзлари билан олиб келган арқон ёрдамида унинг бўйнидан боғлаб, ўша жойдаги терак дарахтига боғлаб қўйган.
Аҳмаджон Н.ни эса ўша ерга тўпланган маҳалла фуқаролари уриб, ушбу ҳолатни видеога олган. Мазкур видеотасвирлар Telegram’даги турли каналлар орқали тарқатиб юборилган.
Ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида Аҳмаджон Н. ва унинг жиноий шериги Аваз Х. томонидан яширин равишда ўғирланган 12,5 миллион сўм пул, мазкур пул солинган бир дона ёстиқ жилди, бир дона ниқоб, бир дона темир сейфни очишда фойдаланилган қўлбола темир мослама ашёвий далил тариқасида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан 1 октябрь куни Данғара тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми «в», «г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумонланувчи Аҳмаджон Н. ва Аваз Х. олган тан жароҳатлари юзасидан суд-тиббий экспертиза кўригидан ўтказилган.
Улар ўз кўрсатмаларида Алижон Т.нинг хонадонида содир этган ўғирлик ҳолатига тўлиқ иқрор бўлган ва содир этган қилмишидан пушаймонлигини, уларга тан жароҳати етказган шахсларга нисбатан ҳеч қандай даъволари йўқлигини, бу ҳолат ўзларининг айблари билан содир бўлганлигини билдирган.
Гумонланувчи Аваз Х. муқаддам икки маротаба судланганлигини ҳисобга олган ҳолда процессуал тартибида ушланган ва унга Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан айблов эълон қилиниб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, гумонланувчи Аҳмаджон Н. ва Аваз Х.га тан жароҳати етказган шахсларни аниқлаш ва уларнинг ҳаракатларига қонуний баҳо бериш чоралари кўрилмоқда.