ИШИД террорчилик гуруҳи етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий Америка ҳарбийлари томонидан 27 октябрга ўтар кечаси Сурияда ўтказилган махсус операция вақтида «худкуш камари»ни портлатиб, 48 ёшида ҳалок бўлди. Энг кўп қидирилган террорчи тоннел ичида ҳарбийлардан яширинишга уриниб, АҚШ президенти Дональд Трампнинг таърифлашича, «итдек ўлим топди, қўрқоқларча ўлди». — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради :The New York Times газетаси тортинчоқ ва ювош ўсмирдан ўнлаб мамлакатларда ўн минглаб тарафдорлар тўплашга муваффақ бўлган террорчилик ташкилоти етакчисига бўлган йўлни босиб ўтган ал-Бағдодийнинг ҳаёт йўлини ҳикоя қилди. «Дарё» нашри, Meduza’га таяниб, мақолани қисқача қайта баён қилади.
Кўпроқ Абу Бакр ал-Бағдодий номи билан танилган Иброҳим Аввад Иброҳим Али ал-Бадрий 1971 йили Ироқ марказидаги ал-Жаллам қишлоғида туғилган. Отаси қўй сотиш билан кун кечирган консерватив мусулмон эди. Оилада Иброҳимдан ташқари яна беш фарзанд вояга етган. Қўшнилар бу оилани «оддий», қишлоқнинг ўзини эса ўртамиёна дея таърифлайди.
ИШИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий 2014 йили Ироқнинг Мосул шаҳрида жойлашган масжиддаги чиқиши вақтида.
Кадр: Reuters
Лекин бир муҳим жиҳат бор эди: бу жойларда асосан ал-Бадрий уруғи вакиллари яшар, улар ўз келиб чиқишини қурайшийларга боғларди — Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбар ҳам шу қабиланинг Бани Ҳошим уруғидан бўлган. ИШИД етакчиси 2014 йили жаҳон халифалиги ташкил этилганини эълон қилганида худди шу жиҳатга урғу берган, бундан фаол фойдаланган.
ИШИДнинг бўлажак етакчиси масжидда дарс бериб, спорт майдончасида ваҳҳобийликни тарғиб қилган
Иброҳим бошланғич мактабга қатнай бошлаганида унинг оиласи қўшни Самарра шаҳрида яшарди. The New York Times’нинг ёзишича, у ўртамиёна ўқувчи бўлган: юқори синфларда фақат санъатдан аъло баҳо олган (100 дан 95 балл), алгебра каби қолган фанлардан эса билими тахминан 50 баллга баҳоланган. Дўстлари, синфдошлари, ўқитувчилари ва қўшниларининг айтишича, ал-Бағдодий болалигида «тортинчоқ», «одамови» ва «ювош» бўлган (журналистлар ал-Бағдодийни таниган ва билган жами 17 киши билан суҳбатлашган).
Ал-Бағдодий болалигида отаси уни масжидга берган ва у Қуръонни ёд олишга киришган. Бу борада у анча илғор чиққан: юқори синфларда ўқиётганида масжидга ташриф буюрувчилар имом ўрнига ал-Бағдодий дуо ўқишини сўрашарди. Айни вақтда унинг эътиқод масаласига консерватив ёндашуви ҳам кўзга ташлана бошлаган: хусусан, у бошқа ўқувчиларга дакки берар ва ҳатто бир сафар масжидда чекмоқчи бўлган ўз ўқитувчисига ҳам танбеҳ берганди.
1991 йили, 20 ёшида у Бағдод университетига ўқишга кирган, бакалавр дипломини олгач ислом тадқиқотига ихтисослашган Саддам университетида таҳсилни давом эттирган. Ўқиш пулини тўлаш учун у Бағдоддаги масжидда дарс берган, бу ерда ўқувчилари уни «шайх Иброҳим» деб чақирган. Ўша вақтда у билан мулоқотда бўлган инсонлар уни камгап ва оғир-вазмин одам деб таърифлайди. 2000 йиллар бошида масжидда таҳсил олган Аҳмад Ражабнинг сўзларига кўра, ал-Бағдодий ғийбатдан йироқ, кўп гапирмайдиган одам эди. ИШИДнинг бўлажак етакчиси дам олиш кунлари ўсмирлар футбол жамоасига мураббийлик қилиб, ашаддий қадимчи оқим — ваҳҳобийликни тарғиб қилувчи брошюраларни спортчиларга тарқатарди.
Ал-Бағдодий 2004 йили қўлга олинган, у қамоқда махфий «амир»га айланиб, орадан 11 ой ўтиб озодликка чиққан
2003 йили, АҚШ Ироққа бостириб киргач, ал-Бағдодий ўқувчиларига уйга қайтиб кетишини айтган. 2004 йили америкалик ҳарбийлар уни Ироқнинг Фалужа шаҳри яқинида, қариндошининг уйида (The Guardian маълумотларига кўра, дўстининг уйида) қўлга олган. Ҳарбийларнинг асосий нишонида ал-Бағдодийнинг америкаликларга ҳужум қилишда гумонланаётган қариндоши бўлган. Ал-Бағдодий эса шунчаки ҳодиса жойида бошқа гумонланувчилар билан бирга қўлга олинган. У кейинги 11 ойни Американинг Ироқдаги Кемп-Букка лагерида ўтказган, шундан сўнг, The New York Times’нинг Пентагон қайдномаларига асосланиб ёзишича, қўйиб юборилган.
Айрим экспертларнинг фикрича, ал-Бағдодийнинг қарашлари айнан ҳибсдалик вақтида радикаллашган, бироқ, у билан бирга қамоқда бўлган одамларнинг айтишича, у Кемп-Букка бегуноҳ инсон сифатида эмас, балки айнан жиноятга қўл урганидан сўнг олиб келинган. Аввалроқ The New York Times’нинг Пентагондаги манбаси ал-Бағдодий қўлга олинган вақтида «кўча безориси» бўлганини айтган эди. Собиқ маҳбуслардан бирининг сўзларига кўра, у вақтларда ал-Бағдодийни «Абу Дуо» деб чақиришган. Маҳбуснинг қўшимча қилишича, маҳбуслар ётган ҳар бир чодирда махфий «амирлар» сайланган — Абу Дуо эса шундай амирларнинг бири бўлган. У бошқа суннийлар кўмагида аввалига ўз чодиридан шиаларни ҳайдаб солган, сўнг тамаки чеккан, намозни вақтида ўқимаган ёки соқоли калта мазҳабдошларига таҳдид қилишни бошлаган. Бундан ташқари, у лагерда маҳкумлар ўртасидаги баҳсли вазиятларда қозилик ҳам қилган. 2004 йил охирида у озодликка чиққан, боиси АҚШ расмийлари америкалик амалдорларга уюштирилган ҳужумларга унинг алоқаси борлигини исботлай олмаган.
Озод этилганидан бир йил ўтиб, ал-Бағдодий суннийларнинг турли қуролли гуруҳларини ўзида бирлаштирган «Ироқ мужоҳидлари маслаҳат мажлиси»га қўшилган ва Ироқ марказидаги исёнчиларнинг етакчисига айланган. 2010 йил май ойида эса у Абу Бакр ал-Бағдодий номи билан исёнчилик ҳаракатига бош бўлган. Кейинги уч йил давомида Ироқ ҳукумат кучлари уни қўлга тушириш учун камида олти марта уринган, бироқ ал-Бағдодий ҳар сафар қутулиб қолишга муваффақ бўлган.
Ал-Бағдодийга бўйсунувчи террорчилар 2012 йил ўрталарида Сурияга ҳам кўчиб ўтган. 2013 йил ўрталарига келиб Ироқдаги исёнкор гуруҳлар «Ислом давлати» террорчилик ташкилотига бирлашган, орадан бир йил ўтиб, 2014 йил июнь ойида террорчилар Ироқнинг катталиги бўйича иккинчи шаҳри — Мосулни, шунингдек, мамлакатнинг Сурия билан чегарадош катта қисмини босиб олган.
ИШИД етакчиси жаҳондаги энг кўп қидирилаётган жиноятчи эди, унинг боши учун 25 миллион доллар ваъда қилинганди
Вақт ўтиши билан ал-Бағдодий анча эҳтиёткор, бадгумон бир инсонга айлана борди ва хавфсизлик ҳақида кўпроқ қайғура бошлади. Маълумотларга кўра, у ўн йилча аввал бошқа исёнчилар билан алоқани шахсан ўзи юборган чопарлар орқали таъминлашни маъқул кўриб, телефондан фойдаланишни тўхтатган. ИШИД етакчисининг юзи яширилмаган илк видеоси 2014 йил июлида пайдо бўлган. Видеода ал-Бағдодий Мосулдаги масжид минбарига чиқиб, халифалик ўрнатилганини эълон қилган. У ўзини халифа деб, яъни бутунжаҳон мусулмонлар давлати ва уммаси раҳбари деб овоза қилган. ИШИД тарафдорларининг фикрича, халифаликнинг ўрнатилиши бутун дунё мусулмонларининг халифага бўйсунишини ҳам кўзда тутмоғи лозим эди.
ИШИД етакчиси жаҳондаги энг кўп қидирилаётган шахс эди: унинг жойлашуви ҳақидаги маълумот учун 25 миллион доллар миқдорида мукофот пули ваъда қилинган, жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари махсус хизматлари унинг изини олишга уриниб келаётган эди. Шунга қарамай, у ИШИДнинг жиноий фаолиятини нафақат бошқаришда, балки бу ҳаракатларда фаол қатнашишда ҳам давом этди.
Хусусан, The New York Times’нинг ёзишича, ал-Бағдодий ғайридин ҳисобланган аёлларни зўрлашларда қатнашган. Халифалик эълон қилинганидан бир неча ҳафта ўтиб, ИШИД жангарилари язидлар қишлоғида аёллар ва қизларни ўғирлаб келиб, Суриянинг Раққа шаҳрида сотувга қўйган. Маҳбусларни кўриш учун энг биринчи бўлиб ал-Бағдодий келган эди, дея хотирлайди 15 яшар бир язидий қиз. Сўнг уни ва ал-Бағдодий танлаган бошқа аёлларни у уйдан бу уйга ташишган, ИШИД етакчиси эса уларни бирма-бир зўрлаб чиққан. Асир тушган аёлларнинг бари ал-Бағдодий ўзининг зўравонлик хатти-ҳаракатларидан лаззат олганини айтган.
2014 йил августида, 15 яшар қизни ал-Бағдодийнинг олдига олиб боришганида, у ўзининг зўрланишини кутган. Бунинг ўрнига эса террорчилар ҳукмдори қиз ва бошқа асираларга жангарилар америкалик журналист Жеймс Фолини қандай ўлдиргани акс этган видеони қўйиб берган. «У бизга: ‘Биз бу эркакни бугун ўлдирдик’, деди. У бизнинг лол қотиб қолган ҳолатимиз устидан кулди», — дейди қиз.
Халифалик эълон қилинганидан сўнг, ИШИД Сурия ва Ироқда анча катта ҳудудларни босиб олди. Фаолиятининг чўққисига чиққан даврда террорчилар майдони Буюк Британияга тенг ҳудудни назорат қилиб турганди, бироқ 2019 йил мартига келиб ҳарбийлар террорчилардан улар эгаллаб олган барча ерларни қайтариб олишга муваффақ бўлди. 2014—2015 йиллар давомида ИШИД тарафдорлари жаҳоннинг 29 мамлакатида, жумладан, АҚШ ва Европада 140 дан ортиқ терактларни амалга оширди. Ҳужумлар вақтида 2 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди. 2016—2019 йиллар давомида эса ИШИД, тахминларга кўра, 1100 га яқин теракт уюштирди, ушбу ҳужумлар оқибатида АҚШ, Франция, Германия, Испания, Африка, Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларида 15 минг киши қурбон бўлди.
Сўнгги йилларда ал-Бағдодий хавфсизлик чораларини янада кучайтирди: энг ишонган одамлари билан учрашувларга ҳам меҳмонларни кўзлари боғлиқ ҳолда олиб келишар, улар ал-Бағдодий бинони тарк этганидан кейин яна бир неча соат ташқарига чиқа олмай ўтирарди. Ироқ Қуролли Кучлари бирлашган қўмондонлиги расмий вакили Яҳё Расулнинг фикрича, ал-Бағдодий хиёнатдан қўрққани учун ҳам ҳеч кимга ишонмаган. АҚШ президенти Дональд Трамп ИШИД етакчиси йўқ қилинганини эълон қилгач, Reuters агентлиги ал-Бағдодий жангарилар билан учрашган жойлар ҳақидаги ахборот унинг яқин ҳаммаслакларидан бири Исмоил ал-Этавий томонидан тақдим этилгани ҳақида хабар берди. The New York Times’нинг қайд этишича, 2019 йил ёзида ал-Бағдодийнинг хотинларидан бири қўлга олиниб, сўроқ қилингани ҳам унинг қаердалигини топишга ёрдам берган.
Мавзуга доир: ИШИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий қандай йўқ қилинди?
Абу Бакр ал-Бағдодий ўлдирилгани ҳақида ОАВда бундан аввал ҳам бир неча бор хабарлар тарқалган, бироқ уларнинг ҳеч бири тасдиқланган эмас. Масалан, Россия Мудофаа вазирлиги ҳозир ҳам АҚШ ҳарбийлари ИШИД етакчисининг ўлимига сабаб бўлган махсус операцияни ўтказганига шубҳа қилмоқда. ИШИДнинг ўзи ҳам етакчисининг ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарларни тасдиқлаганича йўқ.