Миллий гвардия ходими томонидан қутқарилган қиз аслида кўприкдан сакрамоқчи бўлмагани аниқланди

Ижтимоий тармоқларда «Ўзини Сирдарёга ташламоқчи бўлган қиз қутқариб қолинди» сарлавҳаси остида ёритилган хабар Тўрақўрғон туман халқ таълими бўлими томонидан батафсил ўрганиб чиқилди  — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради .

Фото: Миллий гвардия матбуот хизмати

Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси матбуот хизматининг ёзишича, хабарда баён этилганидек Тўрақўрғон туманидаги умумтаълим мактабида ўқувчи қиз Мингбулоқ туманида яшовчи отасини кўргани кетаётиб, Сирдарё кўприги устида тўхтаган, аммо унинг нияти ўзини сувга ташлаш бўлмаган.

Сирдарё кўпригида хизмат фаолиятини олиб бораётган Миллий гвардиянинг вилоят қўриқлаш бошқармаси ходимлари ундан сўраганида ҳам шу ҳақда айтган.

Шунга қарамай, миллий гвардия ходимлари уни дастлаб ички ишлар бўлимига олиб келиб, кейин у ўқийдиган мактаб директори ва ўқитувчилар жамоаси билан шу масалада йиғилиш ўтказган. Йиғилишда педагог ходимларга ўқувчилар томонидан ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини олдини олиш бўйича тушунчалар берилган.

Шунингдек, ўқув йили давомида мактаб психологлари томонидан суицидга мойилликни аниқловчи тестлар олинганда тест натижаларига кўра бу ўқувчида ҳам суицидга мойиллик кузатилмаган.

Ҳолат юзасидан қизнинг ўзи билан суҳбатлашилганда ҳам ўз жонига қасд қилиш нияти йўқлигини таъкидлаган.