2 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда «Абдуллоҳ қаерда?» сарлавҳаси остидаги пост тарқалди. Унда Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида яшовчи фуқаро Дилмурод Тоҳировнинг 20 яшар ўғли Абдуллоҳни ИИБ ходимлари олиб кетиб, бир ҳафтадан буён дарагини бермаётганига оид фикрлар баён этилган — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради . «Kun.uz» нашри мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида йўқолиб қолган йигитнинг отаси, оила ёллаган адвокат ва вилоят ИИБ расмийси билан суҳбатлашган.
Фото: «Kun.uz»
Таҳририятга келган андижонлик Дилмурод Тоҳировнинг айтишича, ўғли Абдуллоҳ Тоҳировни оила аъзолари 26 октябрдан буён кўришмаган. Ҳатто фарзандининг айни пайтдаги аҳволи ва қаердалиги ҳам уларга ошкор этилмаяпти. Бу эса қариндош-уруғлар, маҳалла-кўйни ваҳимага солган.
«Жалақудуқ туманининг Юқори чигитр маҳалласида яшаймиз. Деҳқончилик билан шуғулланиб, тирикчилик қиламиз. Ўғлим Абдуллоҳ бу йил 20 ёшга тўлди. 2018 йил ноябрида маҳалладаги таниш-билишлар билан бирга Россияга ишлагани кетиб, шу йил май ойида қайтиб келди. Шу кунгача ўғлимнинг ортидан бирор ёмон гап эшитмаганман. Унинг хатти-ҳаракати ҳамиша назоратимда бўлган. 26 октябрь куни эрталаб соат чамаси 07:00 ларда ўғлим Қўрғонтепа ҳудудида Андижон—Қўрғонтепа йўналишидаги катта кўчада йўл-транспорт ҳодисаси содир этади. У қариндошимизнинг Lacetti русумли автомобилини ишончнома асосида бошқариб юрганди. Ҳодиса юз бергач, Абдуллоҳ тоғаси Исломбекка телефон қилиб, юз берган ҳодиса ҳақида маълум қилади. Кўнгилсиз воқеа содир этилишида ўғлим айбдорлиги боис тоғаси Исломбек Nexia-2’га етказилган зарарни қоплаб, шикастланган жойларини таъмирлатиб беришини айтади», — дейди Абдуллоҳнинг отаси.
Дилмурод Тоҳиров Боғишамол даҳасидаги эски машина бозорга яқин жойдаги устахонада Nexia-2’нинг орқа багажи очиқлиги учун унинг ичига ҳам бир назар солган ва у ерда VSF категориядаги давлат рақам белгиси борлигига кўзи тушган.
Бироздан сўнг Дилмурод Тоҳировнинг укаси Элмурод қўнғироқ қилиб, «Жалақудуқ туман ИИБдагилар ўғлингни олиб боришимизни сўрашяпти», деган. Кечки соат 18:00 да Абдуллоҳ туман ички ишлар бўлими томон отланган. Йўлда уларга Фаррух Юсупов исмли орган ходими алоқага чиқиб, унинг ҳамроҳлигида вилоят ИИБга боришлари кераклигини айтган. Учаласи Исломбекнинг автомобилида Андижон шаҳрига кетишади.
ИИБда Абдуллоҳнинг камерали телефонини тезда уйдан олиб келиш шартлиги айтилган. «Кечқурун соат 23:30да аёлим иккимизнинг ортимиздан 3—4 нафар орган вакиллари уйимизга келиб, тинтув ўтказишди. Ўғлимнинг телефони ва унинг ажралиб кетган қисмларини, унга қўшимча равишда кичкина компьютеримиз ва флешкани ҳам ўзлари билан олиб кетишди. Шу вақтда қайнукам машина устасига телефон қилиб, машина Андижон вилояти ИИБ Терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи, подполковник Қаҳрамон Эргашевники эканлигидан бохабар бўлдик», — дейди Дилмурод Тоҳиров.
Қаҳрамон Эргашев билан телефонда бир неча марта гаплашиб турдик. Ундан Абдуллоҳ қаердалигини сўрасак, «Бунинг автоҳалокатга алоқаси йўқ. Тошкентдан буйруқ бўлган ва Тошкентга олиб кетилди. Ўғлингиз Россиядалигида ‘нозик одамлар’ни сўкиб ёзган интернетда. Унга кўпи билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси берилади. Ваҳима қилманглар, бугун чиқарворишса керак», деган фикрларни билдирди.
29 октябрь куни Дилмурод Тоҳиров Қаҳрамон Эргашев билан Андижон шаҳридаги кафелардан бирининг олдидаги кўчада учрашган.
«Абдуллоҳ 15 кунга қамалди, қарор чиқарилган, Тошкентдагилар билан гаплашиб турибман. Сизларга яна хабар берилади», деган. Қамалишининг сабабини сўрашганида, Исломбекнинг қулоғига паст овозда «юқори лавозимли амалдорлардан бирини сўкибди», дея жавоб қайтарган. Шундай буён Абдуллоҳ ҳақида бирор маълумот йўқ.
Абдуллоҳ Тоҳиров 15 суткалик жазони ўтаётгани тўғрисидаги хабарни текшириш учун Қўрғонтепа тумани ва Андижон шаҳридаги вақтинчалик сақлаш изоляторига мурожаат қилган, бироқ улар бундай шахс ушбу муассасаларга олиб келинмаганини таъкидлаган.
Жалақудуқ тумани ИИБ ва прокуратураси ҳам Абдуллоҳ Тоҳировга нисбатан иш очилмаганини билдирган. Кейин Тошкентга қайтиб келиб, Президент виртуал қабулхонаси, Бош прокуратура, ИИВ ва ДХХ раҳбарлари номига телеграмма юборилган, ариза ҳам ёзилган.
Суриштирув давомида Андижон вилояти ИИБ Терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи, подполковник Қаҳрамон Эргашев билан телефон орқали боғланилган. У «Ҳеч қанақа ҳолатлар (йўл транспорт ҳодисаси — таҳр.) бўлмаган. Машинам ўзимда, ҳайдаб юрибман. Қандайдир тушунмовчиликлар бўляпти, телефонлар масаласи бўйича арзимаган бир-иккита нарса бор. Яқинда ойдинлик киритамиз», — дея жавоб қайтарган.