Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда қонунчилик билан кўпхотинликка рухсат берилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Адлия вазирлигининг матбуот котиби Севара Ўринбаева тарқалаган хабарлар сохталигини исботловчи бир нечта фактлар келтирган — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради. 

Биринчидан, Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг қайд рақами олдидан ҳарфли қисқартмалар қўлланилмайди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қайд рақамидаги «ПҚ» шаклидаги қисқартмалар Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларига нисбатан қўлланилади.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари миллий базаси (www.lex.uz) да Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-2535-сон қарори мутлақо мавжуд эмас.

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига мувофиқ кўп хотинли бўлиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Фото: Facebook

Адлия вазирлиги матбуот котиби келтириб ўтилган хабарнинг муаллифи эътиборини ўзига қаратиш, обуначиларни тўплаш ёки бошқа мақсадларда тарқатилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Шунингдек, бу каби хабарлар аҳолининг давлат органларининг қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолиятига нисбатан турли салбий фикрларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкинлигини келтириб ўтган.

Фото: Telegram

«Юқоридагилардан хулоса қилган ҳолда ижтимоий тармоқларда қонун ҳужжатлари бўйича ҳар хил миш-мишлар ва бошқа уйдирмалар тарқатиш ҳар жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблаймиз. Фуқароларга эса бундай хабарларга дуч келганларида уларнинг тўғрилиги бўйича хулоса чиқаришга шошилмасдан дарҳол Қонун ҳужжатлари миллий базаси ва бошқа ишончли манбалар орқали берилган маълумотдаги фактларнинг қанчалик тўғри эканлигини текширишлари лозимлигини билдирамиз» – дейилади Севара Ўринбоева муносабатида.

От qwert.uz