Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 22 ноябрь куни қишлоқлар ва шаҳарларда аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тизимини жорий этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилиш давомида Президент Шавкат Мирзиёев сўнгги вақтларда айрим мутасаддилар ва ОАВ вакиллари ўртасида кузатилган зиддиятли ҳолатларга эътибор қаратиб, раҳбарларни халқ ва ОАВ билан мулоқотда кибрга берилмасликка чақирган.

Барчангиз кўриб, билиб турибсиз — бугун жамият ҳаётининг барча жабҳаларида очиқлик ва шаффофлик таъминланмоқда. Замон тез ривожланмоқда, халқимизнинг дунёқараши ўзгармоқда. Бу борада айниқса, оммавий ахборот воситалари катта рол ўйнамоқда. Улар ҳаётий муҳим масалаларга эътиборимизни қаратиб, муаммоларни ҳал этишда бизга кўмаклашмоқдалар. Демократик жамиятнинг асосий талабларидан бири ҳам шу.

Шуни эсдан чиқармайлик — матбуотни фаолиятимизни акс эттирувчи кўзгу деб билишимиз керак. Афсуски, кўп йиллар давомида биз ана шу кўзгуга қарашни ўзимизга эп кўрмадик. Оқибатда ҳақиқий қиёфамизни кўролмай қолдик. Халқимизга очиқ-ойдин маълум бўлиб турган айбу нуқсонларимизни тан олмасдан, «мен ҳаммадан зўрман» деб ўзимизга бино қўйиб, кеккайиб юравердик. «Юзинг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама» деган доно мақолни буткул унутиб қўйдик.

Йиллар давомида жамиятимизда қанчадан-қанча иллатларнинг томир отиши, муаммоларнинг йиғилиб қолишининг асосий сабабларидан бири ҳам шу бўлгани, айни ҳақиқат. Мен бу гапларни нима учун айтаётганимни ҳаммангиз яхши тушуниб турибсиз. Бугун барча бўғиндаги раҳбарларнинг жамоатчилик билан, айниқса оммавий ахборот воситалари билан муомала маданияти ҳар қачонгидан ҳам муҳим масалага айланди.

Айрим ҳолларда раҳбарлар томонидан танқидни қабул қила билмаслик, нима қилиб бўлса-да, уни тан олмасликка бўлаётган уринишларда ҳам кўзга ташланмоқда. Афсуски, баъзи раҳбарлар халқ билан, матбуотчилар билан мулоқотда оддий муомала маданиятини, маънавиятни унутиб қўйишмоқда. Улар томонидан қилинган мурожаатларга ўз вақтида, холис жавоб берилмаслиги ҳам ҳақли эътирозларга сабаб бўлаяпти.

Ўзингиз гувоҳ бўлиб турибсиз, деярли ҳар куни ижтимоий тармоқларда қайсидир раҳбарнинг фаолияти билан боғлиқ шов-шувли хабар тарқалаяпти. Уларда берилаётган танқидий материалларга ўз вақтида холис, асосли муносабат билдирилмаётгани оқибатида одамлар орасида ҳар хил фикрлар, баҳс-мунозаралар юзага келмоқда. Энг ачинарлиси, баъзи раҳбарлар жамоатчилик ўртасида турли зиддиятларга сабаб бўлиши мумкин бўлган бундай ҳолатларнинг олдини олиш ўрнига, кибру ҳавога берилиш, ўзига бино қўйиш билан масалани янада чигаллаштирмоқда.

Тушунаман, ҳар кимнинг ўзига яраша ғурури, иззат-нафси бор.Лекин раҳбар шуниси билан раҳбарки, у нафақат ўзининг шаънини, балки давлат идорасининг обрўсини ҳам сақлашга масъул эканини унутмаслиги керак. У ҳар қандай тўсиқ ва қийинчиликларга, кескин ва долзарб муаммоларга дуч келмасин, вазиятдан оғир-босиқлик ва вазминлик билан чиқиб, фақат қонунга асосланган тўғри қарор қабул қилиши шарт.

Шу билан бирга, ҳар қайси раҳбар ўз масъулияти ва жавобгарлигини, аввало ўз виждони олдида, унга ишонч билдирган эл юрт олдида чуқур англаса, фаолиятида қатъиятлик билан вазминлик, талабчанлик билан ақл-заковатни уйғунлаштира олса, халқнинг чинакам меҳрини ва ишончини қозона олади. У хоҳ ҳукумат аъзоси бўладими, вазир бўладими, хоҳ ҳоким бўладими ёки прокурорми, ушбу талаб – барчамизга, оммавий ахборот воситалари ходимларига ҳам бирдек тегишли.

Буни унутишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти

Маълумот учун, 16 ноябрь куни интернетда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларга гўёки таҳдид қилаётганини тасдиқловчи 1,5 дақиқалик аудиоёзув тарқалган эди. Кейинроқ ушбу таҳдидлар «Kun.uz» мухбирларига қаратилгани, аудиоёзув ҳоким ва журналистларнинг 15 август куни — Олмазор тумани ҳокими собиқ ўринбосари Абдурасул Ваҳобов масаласида бўлиб ўтган учрашувида ёзиб олингани маълум бўлди.

Шундан сўнг, 18 ноябрга ўтар кечаси «Kun.uz» жамоаси ва ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўртасида учрашув бўлиб ўтди; «Kun.uz» учрашув якунларига кўра «тушунмовчиликка барҳам берилгани»ни маълум қилди (бу ҳолат жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлди). 19 ноябрь куниҳоким овози ёзилган аудионинг 14 дақиқалик, 20 ноябрда 17 дақиқалик талқинлари эълон қилинди — уларда ҳоким журналистларга уларни шарманда қилиш ва ўлдиртириб юбориш билан таҳдид қилганидан сўнг: «Мен бундай ифлослик қилмайман», деб айтгани маълум бўлди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг сўзлари нафақат маҳаллий фаоллар, балки халқаро кузатувчилартомонидан ҳам қораланди.

От qwert.uz