1 декабрдан «Катта йигирмалик» раҳбарлиги Саудия Арабистони қироллиги ихтиёрига ўтди. Мамлакат ташкилотга раҳбарлик даврида иқлим ўзгаришларига қарши кураш ҳамда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича иш олиб боради. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар бермоқда.
Фото: France 24
Ар-Риёд барча одамлар, жумладан аёллар ва ёшлар яшаш, ишлаш ва муваффақиятларга эришиши учун курашишни ваъда қилмоқда — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради.
Саудия Арабистони G20 раҳбарлигида Японияни алмаштирди. Йигирмаликнинг кейинги саммити 2020 йил 21—22 ноябрь кунлари қироллик ҳудудида ўтказилади. Бу мазкур ташкилотнинг Араб дунёсидан илк йиғилиши бўлади.
Саудия Арабистони қироллиги дунёда икки жинс вакилларининг ҳуқуқий нотенглиги кўрсаткичи бўйича энг паст ўринларда туради. Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон ҳукумат тепасига келгач, жамиятни модернизация қилишга эътибор қаратилди, аммо аёллар ҳуқуқларини ошириш бўйича амалга оширилган ишларда уларга берилган янги ҳуқуқлар кўп жиҳатдан маҳрам эркаклар иштирокида тақдим қилинмоқда. Хусусан, аёлларнинг ёлғиз ўзи хорижга чиқиши тақиқланган.
Шунингдек, аёлларга эрининг рухсатисиз ишга чиқиши, пул сарфлаши ва уй атрофида сайр қилиши ҳам тақиқланган. 2018 йилда Ар-Риёдда аёлларга машина бошқариш ва футбол учрашувларига ташриф буюриш рухсат этилди.