Мадина Мухторованинг қариндоши: Калтакланган бола тазйиқ остида мурожаат қилган, актрисанинг ўзи эса изсиз йўқолган (видео)

Ижтимоий тармоқларда акаси ва келинойиси томонидан доимий уриб, хўрланиб келинаётган боланинг ҳолати акс этган видео тарқалди. Кейинчалик жабрдийда бола Ўзбекистонда машҳур актриса Мадина Мухторованинг фарзанди бўлиб чиқди  — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради

Фото: Facebook

Шунингдек, вазият бир зумда ўзгариб, бола видеомурожаат билан чиқиб, ўзининг калтакланмаганини билдирди. Бироқ айни пайтда жабрдийда боланинг халққа қилган мурожаати ёлғон бўлиб чиқмоқда. Болага ростдан ҳам доимий равишда ўз жигарлари томонидан азоб берилиб келинаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда боланинг онаси Мадина Мухторова томондан қариндоши бўлган аёл чиқиш қилиб, барча ҳақиқатни айтиб берди, дея хабар бермоқда «Darakchi.uz».

Унинг сўзларига кўра, жабрдийда ва уни урган шахс ака-ука бўлиб, бир йилдан буён Мадина Мухторова катта ўғли Санжар ва унинг хотини Ойжамол томонидан кичик ўғлига берилаётган азоблардан қийналиб юрар экан. Бироқ ўзининг таниқли актриса эканлиги ва ҳаммага овоза бўлса шарманда бўлишдан, шунингдек, ҳар иккиси ҳам ўзининг фарзанди эканлигини ўйлаб ушбу разилликларни яшириб келган.

Воқеани айтиб бераётган қариндоши эса бундай жанжалларнинг бир нечтасига ўз кўзлари билан гувоҳ бўлганини маълум қилган, шунингдек, жабрдийда болани ҳатто бир сафар касалхонага ҳам жойлаштирганини, бироқ ўша зулмкор келинойиси уни хеч кимдан сўрамай олиб чиқиб кетганини айтган.

«Санжар ва унинг хотини 12 ёшли жиянимга одам кучугига ҳам раво кўрмайдиган муносабатни ва хўрлашни раво кўришарди. Баъзан хеч кимга кўрсатмай Мирфайзни қаерларгадир беркитиб қўйишарди. 20 кун подвалда ҳам ётган бола. Шундай пайтларда Мадина йиғлаб мандан ёрдам сўраганди. Бугун бўлган воқеадан мен шокка тушмадим, чунки бунга аввал ҳам гувоҳ бўлганман ва шуни қасам ичиб айта оламанки, ушбу видеода кўриб турганингиз ҳаммаси ҳақиқат. Жабрдийданинг акаси ва унинг хотини болани доим шундай уришган. Ўша охирги кун ҳам жияним менга йиғлаб телефон қилди. ‘Илтимос, мени ва ойимни бу ердан олиб кетинг, ойимни мазалари қочиб қолди. Биз Юнусободдамиз’, деди. Мадина опамни эса гапиришга ҳам мадори йўқ эди. Аммо боргунимча уйга ҳеч кимни киритишмаган, қанақадир кўча одамлари уларни олдига киритгани ҳам қўймабди. Мадина Мухторова зулм қилиб олиб чиқиб кетилибди. Ҳозиргача Мадина опамдан хабар йўқ. Қаерга олиб чиқиб кетилди, ҳозир аҳволи қандай, билмаймиз», — дейди аёл.

Аёл жабрдийда боланинг бугун интернет тармоғида қилган мурожаати ҳам зулм остида берилганини маълум қилди. Мадина Мухторованинг қариндоши Юнусобод туманидаги 35-уй аҳолиси ҳам бу ҳолатларга гувоҳлигини, маҳалла, участка инспекторлари нега чора кўрмаётганига ҳайронлигини билдирган.

Шунингдек, Ўзбекистон халқидан айни пайтда қаердалиги номаълум қолаётган Мадина Мухторовага ёрдам беришни илтимос қилган.