Қолманг ғафлатда… (шеър)

Кетаяпман сув олмоқ учун,
Қўлда челак. булоққа томон.
Кечки совуқ бўлсада нечун,
Музламаган эди йўл хамон.

Хазил қилиб, изғирин шамол,
Юзларимга санчар игнасин,
Булоқ томон юраман жадал,
Писанд қилмай шамол хамласин.

Челакларни ювиб «юзи»ни,
Ботираман булоқ сувига.
Кўрмоқчидай булоқ кўзини,
Тикиламан булоқ тубига.

Унда фақат кўкдаги хилол,
Бошқа нарса кўрмайди кўзим.
Новдаларни титратиб шамол,
Хуштак уриб тинмайди бир зум.

Кўкда эса, сирли юлдузлар,
Йилт-йилт қилиб, нурин сочади.
Шамол эса, булутни тезлар,
Чунки ойга йўлни очади.

Сувни олиб йўлга тушаман,
«Таслим» бўлган кўрсатиб ўзим.
Изғирин хам «севиниб» бундан,
Чим-чиларди хали хам юзим.

Йиллар ўтди, қувлаб бир-бирин,
Қанча толлар кетди кесилиб.
Иморатлар кўпайиб бугун,
Булоқ «юзи» қолган беркилиб.

Хой инсонлар, қолманг ғафлатда,
Сергак бўлинг, аввал ўзингиз.
Булоқ кўзи беркилган пайтда,
Ақалли, сиз очинг кўзингиз!…

Абдулла Пулатов

Материаллар фақат шахсий мақсадларда фойдаланиш учун: Материаллардан тижорат мақсадларида фойдаланиш, тарқатиш қонун билан тақиқланади.

«Муаллифлик хуқуқи ва турдош хуқуқлар тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни: № 42 сон, 20 июнь. 2006 йил.

© МУАЛЛИФ