Муккайган кекса инсон,
Қоп орқалаб борарди.
Қопин қўйиб, хар замон,
Бир оз дамин оларди.

Қуёш олов пуркайди,
Чол юзидан тер оқар.
Битта болакай йўлда,
Чолга жилмайиб боқар.

Чолни қийнаб юборди,
Вужудининг толгани.
Тўхтаб бола ёнида,
Ўтирди дам олгани.

Ёрдамлашай демасди,
Серрайганча болакай.
Икки қўли чўнтакда,
Бобога деди шундай:

-«Кўряпсизми, бобожон,
Хов анови дарахтни.
Ўша ерда сақланг жон,
Тез бўлинг, тежанг вақтни!».

Чол кулиб дер: — «Ха, болам,
Экансан кўп ақлли.
Рахмат, маслахатга хам,
Ота-онанга балли!».

Шундай деб, бобо аста,
Кетаберди йўлига.
Бола эса бир пасда,
Етиб борди уйига.

Бор гапни онасига,
Айтиб берди қолдирмай.
Онаси боласига,
Ўз жахлини билдирмай,

Деди: -«Олган рахматинг,
Асли экан қалбаки.
Чинакам ёрдам берсанг,
Хақиқий бўлар балки!

Шу сабабдан, болажон,
Қалбинга қулоқ тутгин.
Бўлиб чинакам инсон,
Чўққиларни забт этгин!…»

Абдулла Пулатов

Материаллар фақат шахсий мақсадларда фойдаланиш учун: Материаллардан тижорат мақсадларида фойдаланиш, тарқатиш қонун билан тақиқланади.

«Муаллифлик хуқуқи ва турдош хуқуқлар тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни: № 42 сон, 20 июнь. 2006 йил.

© МУАЛЛИФ

От qwert.uz