Вазирлик ижтимоий тармоқларда архив характеридаги видеолар тарқатилаётгани ва бу бугунги воқеаларга алоқадор эмаслигини таъкидлади.

Энергетика вазирлиги

Фото:Экология қўмитаси

Бугун «Янги-Ангрен» ИЭСнинг қозон агрегатида кўмир-кукуни ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлгани ва бунинг оқибатида корхона ишчиларидан 3 нафари вафот этиб, яна 3 нафари турли даражада тан жароҳати олгани хабар қилинган эди  — деб бу хақда «UzNews.uz» нашри  хабар беради.      

Энергетика вазирлигининг расмий маълумотида қўшимча қилинишича, кеча, 19 январь куни «Янги-Ангрен» ИЭСнинг 5-сон энергоблоки қозон агрегатидаги нуқсон туфайли таъмирга чиқарилган. Бугун электр станция 560 МВт қувват билан ишлаган. 4 та энергоблок ишда, битта энергоблок заҳирада бўлган.

20 январь куни “Востокэнерготеплоизоляция” АЖ ва “Энергоқозонтозалаш” МЧЖнинг таъмирлаш ишаларини бажарадиган пудрат ташкилотлари ишни хавфсиз бажариш учун йўриқнома ўтказилиб ишга қўйилган.

Энергоблок қозон агрегатида таъмир ишларини бажариш вақтида кўмир-кукуни ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган. Натижада “Востокэнерготеплоизоляция” АЖнинг 3 нафар ходими олинган жароҳатлар натижасида вафот этган, “Энергоқозонтозалаш” МЧЖнинг 3 нафар ходими турли даражадаги куйиш жароҳатлари олишган. Айни пайтда улар шифохонада шифокорлар назорати остида, уларнинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Энергетика вазирлиги раҳбарияти, Фавқулотда вазиятлар вазирлиги ва бошқа тегишли идора вакиллари «Янги-Ангрен» ИЭСга зудлик билан етиб боришган.

Ҳозирда тегишли тергов орган ходимлари томонидан ходисанинг асосий сабаблари ўрганилмоқда. 

Ҳодиса сабаблари тўғрисида расмий маълумотлар батафсил берилади.

Вазирлик Матбуот хизматига кўра, пудрат ташкилотлари ва касаба уюшма қўмиталари раҳбарияти томонидан вафот этганлар ҳамда жароҳат олганларнинг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда архив характеридаги видеолар тарқатилаётгани ва бу бугунги воқеаларга алоқадор эмаслиги таъкидланмоқда.

От qwert.uz