ХОРИЖДА ИШЛАБ ЧИҚАРИЛГАН 500ДАН ОРТИҚ ТУРДАГИ ТОВАР ВА ХИЗМАТЛАРНИНГ ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИДАГИ ИШТИРОКИ ТАҚИҚЛАНДИ

Рўйхатда хорижда ишлаб чиқарилган шоколад, дори воситалари, шиналар, кондиционер, музлаткич, телевизор каби товарлар бор.

Хорижда ишлаб чиқарилган 500дан ортиқ турдаги товар ва хизматларнинг давлат харидларидаги иштироки тақиқланди

Фото:president.uz

Хорижда ишлаб чиқарилган 529 турдаги товар ва хизматлар номенклатурасига давлат харидларида иштирок этиш тақиқланади. Бу жорий йил 29 январь куни қабул қилинган Ҳукуматнинг “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ўз аксини топмоқда  — деб бу хақда «UzNews.uz» нашри  хабар беради.      

Қарорда таъкидланишича, эндиликда давлат харидларидаги иштироки вақтинча тақиқланган ва чегараланган хорижда ишлаб чиқарилган товарлар, шунингдек, хорижий шахслар томонидан бажариладиган ишларнинг (хизматларнинг) рўйхати шакллантирилади. 

Рўйхатнинг шакллантирилишида маҳаллий ишлаб чиқарувчининг мурожаати ҳамда тегишли давлат идораларининг олиб борган ўрганишлари натижасида киритган таклифлари асос бўлиб хизмат қилади ва белгиланган жараёнлардан сўнг Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Давлат харидларидаги иштироки вақтинча тақиқланган ва чегараланган хорижда ишлаб чиқарилган товарлар рўйхатида, 529 турдаги товар ва хизматлар номлари келтирилган. 

Жумладан,

–  Озиқ-овқат маҳсулотларидан – шоколад, кунгабоқар ёғи, сут маҳсулотлари, гўшт вҳкз;

–  Фармацевтика маҳсулотларидан – дори воситалари ва тиббиёт буюмлари;

–  Транспорт ва унинг эҳтиёт қисмларидан – шиналар, эҳтиёт қисмлари;

–  Маиший техникалардан – кондиционер, музлаткич, монитор, кир ювиш машинаси, телевизор вҳкз;

–   Тракторлар, енгил ва юк автомобиллари вҳкз.

Маълумот учун, рўйхатдаги товар (иш, хизмат)ларни давлат харидлари асосида импорт қилишга маълум шартлар асосида рухсат берилади. Жумладан, импорт қилувчи ариза билан мурожаат қилади ва аризасида импорт қилмоқчи бўлган маҳсулоти “рўйхатда келтирилган товарларнинг параметрларига мос келмаслиги ёки фарқ қилувчи хусусиятга эга бўлиши керак”.

Шунингдек, бу жараён импорт қилувчи аризаси билан ҳисоблаганда 8 та босқични ўз ичига олади ва 42 иш кунида таклиф тариқасида тасдиқлаш учун ҳукуматга киритилади.