ПОЙТАХТДАГИ МАКТАБДА ГИНЕКОЛОГ ИШТИРОКИДАГИ СУҲБАТ БЎЙИЧА МАЪЛУМОТ БЕРИЛДИ

238-мактабнинг 9-11-синф ўқувчи қизлари билан ўтказилган давра суҳбати эътирозларни келтириб чиқарганди.

Пойтахтдаги мактабда гинеколог иштирокидаги суҳбат бўйича маълумот берилди

Фото:Халқ таълими вазирлиги

Кеча ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги 238-мактабнинг 9-11-синф ўқувчи қизлари билан болалар гинекологи томонидан ўтказилган давра суҳбати бўйича салбий фикрлар акс этган видео тарқалганди.

Халқ таълими вазирлиги ҳолатни ўрганиб чиқиб қуйидагиларни маълум қилди  — деб бу хақда «UzNews.uz» нашри  хабар беради.      

Учтепа туман тиббиёт бирлашмаси болалар гинекологи томонидан эрта турмуш ва туғруқ ҳолатлари ҳамда оилавий ажримлар билан боғлиқ муаммоларни олдини олиш мақсадида давра суҳбати ўтказилган.

Мазкур давра суҳбати Сенатнинг “Эрта турмуш ва эрта туғруқ ҳолатлари ҳамда ажралишлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари” тўғрисидаги қарори ҳамда соғлиқни сақлаш вазирининг буйруқлари асосида ташкил қилинган. 

Қайд этилишича, бу каби ўсмирлик физиологияси, репродуктив саломатликка оид суҳбатларни барча умумтаълим муассасаларининг юқори синф ўқувчилари билан режага мувофиқ ўтказиш белгиланган.

“Суҳбатлар давомида ўқувчи қизларга болалар гинекологи томонидан қизларнинг 16-18 ёшларда она бўлиши салбий оқибатларга олиб келиши, кўп ҳолларда бундай ёшдаги қизларнинг соғлом фарзандни дунёга келтиришида турли муаммолар келиб чиқиши тўғрисида тушунтиришлар бериб борилади”, — дейилади вазирлик хабарида. 

Аввалроқ, Жиззах вилояти Дўстлик туманида 14-мактаб ўқувчиси тиббий кўрикдан ўтказилганида хомиладор эканлиги аниқланганди.