Тошкентдаги «Яланғоч» ва «Салар» темир йўл станциялари оралиғида ўз жонига қасд қилишга уринган қиз ўзини поезд остига ташлади. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, қиз ҳозирда шифохонада. Тергов органлари томонидан мазкур ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда  — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради.

Шунингдек, маълум қилинишича, ҳозирда яна бошқа содир бўлган воқеа юзасидан мутасаддилар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. 8 февраль куни Тошкентнинг Яшнобод туманида, тартибга солинмайдиган темир йўл кесишмаларидан бирида тепловоз ва Cobalt тўқнашуви содир бўлган. Натижада ҳеч ким жабрланмаган.

«Бундай ҳолатларнинг такрорланишини ҳисобга олган ҳолда, шуни маълум қиламизки, тегишли таркибий тузилмалар, ташкилотлар ва жойлардаги мутасаддилар томонидан мунтазам равишда темир йўл яқинида истиқомат қилувчи аҳоли ва транспорт воситалари эгалари билан темир йўлда хавфсизликка риоя этиш тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Профилактик суҳбатлар, қатор учрашувлар, мавзу доирасида чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, айниқса, бу борада мактаб ўқувчилари ва ўсмирлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, хабарда барча йўл ҳаракати иштирокчилари темир йўл кесишмаларидан ўтиш ва пўлат изларида пиёдалар ҳаракати қоидаларининг талабларига бирдек риоя этишлари шартлигини эслатиб ўтган.

Аввалроқ Тошкентда юк поезди 14 ёшли қизни уриб юборган эди. 8 февраль куни эса Саида Мирзиёева жароҳат олган қизнинг ота-онаси билан учрашган ва жонлантириш бўлимида боланинг ҳаёти учун кураш олиб борилаётган касалхонага ташриф буюрган.

От qwert.uz