Қотил муқаддам икки марта судланган. Бу сафар у 25 йилга озодликдан маҳрум этилди.

“Аввал ўлдириб сўнг жасадни бўлакларга ажратиб кўмиб юборган”ларга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Улардан бири “зулфиячи” қиз

Фото: Видеодан кадрЖиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 31 ёшли тадбиркорни ўлдириб, унинг жасадини бўлакларга ажратиб ташлаган ва ижарага олинган ҳовлига кўмиб юборганлар устидан суд ҳукми ўқилди. “Ўзбекистон” телерадиоканалининг “Бир жиноят изидан” кўрсатувида жиноят тафсилотлари маълум қилинди  — деб бу хақда «UzNews.uz» нашри  хабар беради.      

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 8 май куни Учтепа туман ИИБга фуқаро Нигора Пайзибекова мурожаат қилиб, 1989 йилда туғилган ўғли Равшан Раҳматуллаев 7 май куни соат 10:00 да ўз ишлари билан Lacetti машинасида уйдан чиқиб кетгани ва шундан кейин қайтиб келмаганини маълум қилган.

Аниқланишича, Равшан Юнусобод туманида яшовчи, 1990 йилда туғилган Жамолиддин Орифбоев билан таниш бўлган. Жамолиддин 2020 йил январь ойида Равшандан кейинчалик сотиб олиш шарти билан Spark’ни ижарага олган. Бироқ Жамолиддин пулларни ўз вақтида тўламагани сабабли Равшан у билан оғзаки тортишиб қолган ва аччиқ устида автомобилни қайтариб олган. Равшан бошланғич тўлов сифатида берилган 2000 долларнинг 1000 долларини машинаси юкхонасидан олиб берган. Жамолиддин машина юкхонасида катта миқдорда пул борлигини кўриб қолган.

Илгари ўғрилик ва босқинчилик жиноятлари учун судланган Жамолиддин Равшаннинг пулларини босқинчилик йўли билан қўлга киритиш мақсадида Мирмақсуд Маҳкамов ва Севара Абдулҳакимова билан жиноий тил бириктирган. Жамолиддин Telegram орқали ўзини аёл киши сифатида таништириб, Равшан билан мулоқотга киришган. Равшан Telegram’да танишган “Имона” исмли қиз билан 2020 йилнинг 7 май куни учрашишга келишган. Ўз вақтида каратэ бўйича жаҳон чемпиони бўлган Севара Абдулҳакимова учрашувга чиқиб, ўзини Имонанинг синглиси сифатида таништириб, опасининг олдига олиб боришини айтади ва Равшанни Жамолиддиннинг Юнусободдаги уйига олиб борган.

Уни уйда тахта билан қуролланган, юзига ниқоб тақиб олган Жамолиддин ва Мирмақсуд пойлаб туради. Келиши билан Равшанни уриб-тепиб, уни стулга боғлаб ўтказиб қўяди. Босқинчилар жабрланувчининг ёнидан 400 доллар ва 1 миллион сўм пулини олиб қўяди. Ундан яна пул талаб қилишади. Шунда Равшан Telegram орқали ота-онасига хабар юбориб, машина олиш учун 29 минг доллар кераклигини, уни бизнес ҳамкори Музаффар Сагатов орқали бериб юборишларини сўрайди. Жиноятчиларнинг таҳдиди остида бу гапларни отасига телефон қилганда ҳам такрорлайди. Музаффар Сагатов Равшаннинг телефонда берган кўрсатмаси асосида Юнусобод тумани Марказ-5 мавзесида ўзини “Азиз” деб таништирган Жамолиддин билан кўришиб, унга 29 минг долларни бериб юборган.

Жамолиддин оёқ-қўллари боғланган Равшанни машина юкхонасига жойлаштириб, Яшнобод туманида ижарага олган хонадонига олиб борган. Бу ерда ҳам Равшандан яна пул талаб қила бошлаган. Равшандан рад жавобини олгач, унинг юз ва бош қисмига уриб, бўйнидан бўғиб қасддан ўлдирган. Жамолиддин жиноятини яшириш мақсадида Қўйлиқ деҳқон бозоридан ёлланма ишчилар олиб келиб, ҳожатхона учун деб чуқур қаздирган. Сўнгра Равшаннинг боши, қўллари ва оёқларини танасидан ажратиб, бўлакларга бўлиб чуқурга кўмиб юборган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг ҳукмига кўра, Жамолиддин Орифбоев Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмининг “в”, “и” бандлари (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни; тамагирлик ниятида қасддан ўлдириш), 134-моддаси (қабрни таҳқирлаш), 164-моддаси 4-қисмининг “а” банди (жуда кўп миқдорда босқинчилик), 169-моддаси 3-қисми “а” (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган ўғрилик) бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган, жазолар қисман қўшилуви билан узил-кесил 25 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мирмақсуд Маҳкамов Жиноят кодексининг 164-модда 4-қисми “а” (жуда кўп миқдорда босқинчилик) бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, шу модда билан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Севара Абдулҳакимова Жиноят кодексининг 164-модда 4-қисми “а” (жуда кўп миқдорда босқинчилик) бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган ва унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланилиб, 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
У 2014 йилда Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган.

От qwert.uz