Унга кўра, ўсимлик ёғи ва бошқа айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари йил охирига қадар ҚҚСдан озод этилади.

Сенат ўсимлик ёғини ҚҚСдан озод қилишга оид ҳужжатни маъқуллади

Фото: СенатСенатнинг ўн тўртинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган “Айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни таъминлашнинг қўшимча чоралари тўғрисида”ги қонун маъқулланди — деб бу хақда «UzNews.uz» нашри  хабар беради.      

Мазкур Қонун билан Солиқ кодексига ўзгартиш киритилиб, унга кўра 2021 йил 1 майдан 31 декабрга қадар: 

– мамлакат ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек, соя данагини олиб кириш;
– ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича маблағлар айланмаси қўшилган қиймат солиғидан озод қилинмоқда.

Шунингдек, 2021 йил 1 майдан 31 декабрга қадар бўлган даврда кунгабоқар ва пахта уруғлари, кунгабоқар ёғи ва пахта ёғи маҳсулотларига нисбатан экспорт божи жорий этилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистонга 70 фоиз кунгабоқар ёғи импорт қилинадиган Россия Федерациясида бир тонна кунгабоқар ёғи нархи 2020 йил декабрь ойида ўртача 900 долларни ташкил этган бўлса, 2021 йил март ойида 1 250 долларгача ёки 39 фоизга ошган.

Ушбу ўзгаришлар таъсири натижасида ўтган бир йил давомида Ўзбекистонда кунгабоқар ёғи нархи ўртача 38 фоизга қимматлашган.

Шу билан бирга, Россия томонидан жорий йил 1 сентябрдан бир йил муддатга кунгабоқар ёғини экспорт қилишда бож тўловининг жорий қилиниши ҳам назарда тутилган.

От qwert.uz