…Қадим замонларда бир давлатда одил подшоҳ ҳукм сурган экан. У мамлакатни одилона бошқариш билан биргаликда, илм аҳлини ғоятда эъзозлаб, ҳурмат қилар ва ўзи ҳам билимли, ғоятда тадбирли эканлиги билан элу-юрт ўртасида ном қозонган экан.

        Унинг ҳар замонда такрорланиб турадиган бир одати бор бўлиб, ўзи истаган пайтларда, подшохлик либосларини ташлаб, оддийроқ кийинар эканда, аввалдан қазиб, тайёрлатиб қўйилган қабр ичига кириб, у ерда бир неча соатлаб ётар экан.

        Унинг бу ишидан подшоҳнинг Вазири ва Лашкарбошисигина  хабардор эканлар-у, барибир улар ҳам Подшоҳга лом-мим дейишмас экан.  Лекин, кунларнинг бирида Вазири чидаб туролмай, ундан сўрабди:

-“Подшоҳим, бир қошиқ қонимдан кечсангиз. Мана шу қабр ичига кириб ётган пайтларингиз мени бироз хавотир босади. Кимдир ғанимлик қилиб, қабрни ташқаридан маҳкамлаб ёпиб қўйса-ю, биз бундан бехабар қолсак, унда ҳолингиз не кечади? Ахир…”.

Подшоҳ қўли билан “Бас қил” дегандек ишора қилибди-да, Вазирга жавобан шундай дебди:

-“Мен хар доим заҳира йўл-йўриқларини кўриб боришга, қўшимча чораларни йўлга қўйишга одатланганман. Шунинг учун ҳам қабрнинг кун чиқиш тарафидан алоҳида лаҳм кавлатиб, сен айтгандай “тузоқ”қа тушиб қолгудай бўлсам, қутулиб кетиш учун имкон яратиб қўйганман!”.

-“Донолигингизга офарин, бундай тадбирни йўлга қўйиш — бизнинг тушимизга ҳам кирмаган бўлур эди!” – дебди Вазир ҳитоб билан.

Подшоҳ истеҳзо билан кулимсирабди-да, “Ҳамма ўз иши билан машғул бўлсин” дегандай ишора қилибди…

        …Кунлардан бир кун подшоҳ эски одатига кўра, оддий кийимларни устига илибди-да, қабр сари отланибди. Вазир ҳам шуни пойлаб турган экан, подшоҳ қабр ичига кириши биланоқ, ўзига содиқ навкарлари билан зудлик билан қабр оғзини ҳам, кун чиқиш тарафдаги ўша лаҳм оғзини ҳам подшоҳ  чиқа олмайдиган даражада маҳкамлаб, беркитдириб ташлабди.

        Кун ботиб, кеч кирибди. Подшоҳдан дарак бўлмагач, сарой аён-аҳли уни қидира бошлашибди. Подшоҳ топилмагач, уни топилишидан деярли умидларини узишибди. Вазир эса, севинганидан қандай қилиб тонг отдирганини билмабди. Чунки у анчадан буён подшоҳ тахтига кўз олайтириб юрган экан-да.

        Тонг отгач, у ҳурсанд холда подшоҳ саройига кириб борибди. Вазир саройга қадам қўйиши биланоқ, Подшоҳ навкарлари уни дарров қўлга олишиб, қўл-оёғига кишан боғлашибди. Вазир бир пайт ўзига келиб, атрофга разм солса, қўл-оёғи боғлиқ ҳолда Подшоҳ ҳузурида турганмиш. Бир қайғуга ботармиш, бир ҳайрон бўлармиш. Чунки лаҳм оғзини беркитилишида — ўзи тепасида турган бўлса, қабр оғзи ҳам жуда қаттиқ, метиндай мустаҳкам қилиб маҳкамланган бўлса, наҳотки шунча қилинган ҳаракатлари зое кетса?….

        Подшоҳ кулимсираб дебди:

-“Хўш, “собиқ Вазир”, тирик қолганимга ҳайрон бўляпсанми? Қабих режаларинг амалга ошмай қолдими? Югурганники эмас, буюрганники бўлибди-да!…”.

        Вазир ҳеч нарса демас, дейиш учун эса тили ҳам айланмас, журъати ҳам етмас эди.

        Подшоҳ узоқ муҳокама қилиб ўтирмабди-да,  дарров подшоҳларга хос тарзда, қатъий ҳукм чиқариб, Вазирни жаллод қўлига топширибди.

Ўлими олдидан, Вазирга охирги истаги бор-йўқлигини, мабодо бўлса одил Подшоҳ сифатида, уни инобатга олишини айтибди. Вазир ҳам барчани ҳайратга солиб, охирги истагини қуйидагича баён қилибди:

-“Подшоҳим, бўлар иш бўлди, айбимни тан оламан. Лекин, умримнинг сўнгги палласини бошдан кечираётган бўлсамда, ҳамон бир нарса ақлимга сиғмаяпти. Барча чиқиш тешикларини шу қадар пухталик билан, мустаҳкам беркитдирган бўлсам-да, ахир, қандай қилиб омон қолишингиз мумкин?”.

Подшоҳ, унга жавобан, қаҳр билан, шундай дебди:

-“Агар ёдингда бўлса, мен хар доим заҳира йўл-йўриқларини кўриб боришга одатланганман деган эдим. Қабрнинг кун чиқиш тарафидан ташқари — кун ботиш тарафидан ҳам қўшимча тарзда лаҳм ковлатиб қўйганлигим боис, мана шу иккинчи заҳирадаги лаҳм жонимга оро кирди. Чунки, сенинг қора ниятли эканингни анчадан буён кўнглим сезиб юрганди. Мана, ахири қўлимга ҳам тушдинг!”.

        Шундай дея, Подшоҳ  жаллодга қатъий ишора берибди. Мунофиқ Вазир қилмишига яраша жазосини олибди. 

        Бўлиб ўтган воқеаларга яқиндан гувоҳ бўлган Подшоҳ Лашкарбошиси жуда таажжубланиб, Подшоҳга юзланиб,  сўрабди:

-“Олампаноҳ, бизнинг бахтимизга бир ўлимдан қолибсиз. Лекин бордию, иккинчи лаҳмни хам борлигидан малъун Вазир хабар топганида борми, унда ҳолингиз не кечарди?”.

-“Э, Лашкарбоши, мен шу учинчи ҳолатга  хам тайёргарлик кўриб, яна битта лаҳм кавлатиб, у ердан яширин омборхонага кириладиган қилиб, омборхонани эса керакли озиқ-овқат захираси билан тўлдиргизиб қўйгандим. Аммо бу яширин омбор хақида фақат фарзандларим хабардор.” – деб жавоб қилибди Подшоҳ.

        -“Подшоҳим” – дебди Подшоҳга  Лашкарбоши – “Бир қошиқ қонимдан кечингу, мабодо, фарзандларингиздан бирортаси….”.

        Подшоҳ шунда Лашкарбошининг гапини бўлиб:

-“Агар жондан азиз фарзандларим ҳам тахт талашиб, менга қарши чиқишса, у ҳолда буни ҳам чорасини кўриб қўйганман. Ўша қабр ичига махсус идишда оғу яшириб қўйилган. Ўз пушти камаримдан бўлган фарзандларим менга раво кўрмаган тахтда Подшоҳлик қилиб, уларга оталик қилгандан кўра, бундай тахтдан ва оқ падар фарзандлардан воз кечиб, ўша оғуни ютганим ҳамда  қабрда абадий қолиб кетганим афзалроқдир!” – деб жавоб қилган экан Подшоҳ.  

Абдулла Пулатов

  • Материаллар фақат шахсий мақсадларда фойдаланиш учун: Материаллардан тижорат мақсадларида фойдаланиш, тарқатиш қонун билан тақиқланади.
  • «Муаллифлик хуқуқи ва турдош хуқуқлар тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни: № 42 сон, 20 июнь. 2006 йил.

© МУАЛЛИФ

От qwert.uz