Ёзувчи Эврил Турон (Мамадали Маҳмудов) ЎзА сайтида эълон қилинган «Олтин ўлка» номли эссесида пойтахтни Тошкентдан Жиззахга кўчириш таклифини билдирди — деб бу хақда «Дарё» нашри хабар беради .
Фото: «Daryo Live»
Шунингдек, ёзувчи «пойтахт» сўзини «бошкент»га ўзгартириш лозим деб ҳисобламоқда.
Унинг ёзишича, Тошкент Ўзбекистоннинг энг чекка қисмида, қозоқюртнинг биқинида жойлашган. Бошқа вилоятлардан Тошкентга келишгунча, анча вақт, маблағ, ёқилғи кетади.
Ўзбекистон иқтисодий қудрат чўққисига чиққанда, Бошкентни мамлакатни нисбатан ўрталиғи бўлмиш – Жиззах ўлкасига кўчириш керак. Хусусан: Ғаллаорол-Булунғур туманлари оралиғидаги бепоён (Юқори нуқтагача) бўшлиққа. Аниғи: Помир тизмаларидан Ғўбдин тоғига қадар ястаниб ётган водийга, гўзал Зомин тоғлари этакларига, Боғдоннинг (Фориш, Фориш туманига Боғдон номи берилса, тарихий ҳақиқат тикланади) Қизилденгиз (Ҳайдаркўл) билан туташган ясси тоғлар оралиғидаги афсонавий чўлларга.
Агар бошкент Ғаллаорол, Зомин ва ёхуд Боғдон ҳудудларида қурилса, миллиард-миллиард долларлар тежалади. Чунки бузиладиган уйлар йўқ. Ўнлаб Тошкент жойлашадиган бўш ва баҳаво гўзал ерлар мавжуд.
Бунинг учун ер ости, усти бойлиги тежаб ишлатиш, ўмарилган миллиардларни ўзбек ғазнасига қўйиш, йигирма беш йиллик олтинни Ватанга қайтариш, коррупция илдизини таг-туги билан чопиш, шаффоф декларация ўтказиш, ҳашарга чет эл давлатларини тортиш керак, дейди Эврил Турон.