Асли бухоролик Зилола Ашурова ҳозирда океан ортида кичик бизнес фаолиятини юритиб келмоқда. У АҚШдаги ҳунармандчилик бозорларига чиқиб, ўзбек миллий кашта ва адрас буюмлари савдоси билан шуғулланади — деб бу хақда «Daryo» нашри xabar beradi Зилоланинг энг катта орзуси АҚШда, ўзи яшаб турган Массачусетс штатида болалар учун ўзбек мактабини очиш, бу ҳақда ЎзА ёзади.
Фото: ЎзА
«Шу орқали Ўзбекистонга бормаган ўзбек оилалари фарзандларига миллий маданиятимизни кенг тарғиб этиб, давлатимиз ҳақида кўпроқ маълумотлар бермоқчиман. Ана шунда болажонлар Ўзбекистонда туғилмаган бўлса ҳам шу миллатни, юртни севишни ўрганади», — дейди ватандошимиз.
Жорий йил АҚШда кенг нишонланган Наврўз байрами арафасида Зилола Ашурованинг Ўзбекистонга бағишланган навбатдаги кўргазмаси ташкил этилди.
«АҚШда ўтказилаётган йирик фестивалларда ўзбек миллий либослари, юртимизнинг бой маданияти ва туризм салоҳиятини акс эттирувчи материаллар билан иштирок этиб келяпман. Сўнгги вақтларда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан яқиндан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйдик. Хусусан, улар Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини акс эттирувчи тарғибот материалларини бизга етказиб бермоқда. АҚШда ўтказилаётган кўргазма ҳамда фестивалларда мазкур тарғибот материалларини дунё сайёҳларига тақдим этаяпмиз. Натижада юртимизнинг туризм салоҳияти америкаликларда қизиқиш уйғотмоқда», — дейди З.Ашурова.