4/7 Wall Street 2018 йил учун CareerCast ишга жойлашиш ва бандлик сайти томонидан қилинган ҳисоботларини ўрганиб чиқиб, Америкадаги энг ёмон касбларни аниқлади — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради . Бу ҳақда Forum Daily хабар берди.
Ҳисоботда келтирилган 200 дан ортиқ касб стрессга сабаб бўлиши, меҳнат шароити, касбий истиқбол ва даромади бўйича баҳоланган.
- Бўёқчи (мальяр)
- Фото: Depositphotos
- Йиллик ўртача даромад: 38 940 доллар
- Иш ўринлари сонининг ортиши, 2016—2026: +5,7%
- Умумий бандлик: 228 420
Объектларни бўяш жисмонан қийин иш бўлиши мумкин. Чунки бинонинг ҳамма жойи бўялиши учун баъзан тиз чўкиб, баъзан эгилиб, баъзан чўзилиб ишлашига тўғри келади. Баъзи бўёқчилар кўприкларни ёки баланд биноларни бўяши керак ва бу жиддий хавфни келтириб чиқаради.
- Реклама савдоси
- Ўртача йиллик иш ҳақи: 51 740 доллар
- Иш ўринлари сонининг ортиши, 2016-2026: -3,6%
- Умумий бандлик: 133 110
Гарчи умумий бандлик келгуси йилларда 7 фоизга ошиши кутилаётган бўлса ҳам, АҚШда реклама савдоси ходимлари сони қисқариб кетади. Бу касбнинг қийинчиликларидан бири газета ва журналларда реклама учун ажратилган жойларни сотиш ҳисобланади. Online маҳсулотлар савдоси ривожланаётган бир пайтда, реклама савдоси секин-аста бизнесдан чиқиб кетади. Натижада реклама агентликларига бўлган эҳтиёж ҳам камаяди. Одамлар савдо режасини бажаришга ҳаракат қилиб, кучли босим остида қолади.
- Радио ва телевидение мухбири
- Ўртача йиллик иш ҳақи: 40 080 доллар
- Иш ўринлари сонининг ортиши, 2016-2026: -3,2%
- Умумий бандлик: 31 580
Радио ва телевидениеда рекламадан тушадиган даромад камайиши туфайли компания кўп сонли мухбирларни ишга ололмайди. Гарчи бу иш камида бакалавр даражасини талаб қилса-да, бу ерда ўртача йиллик иш ҳақи АҚШдаги ҳар қандай касб учун ўртача ҳисобланган 37 690 доллардан юқори эмас.
- Radio DJ
- Фото: Depositphotos
- Ўртача йиллик иш ҳақи: 33 220 доллар
- Иш ўринлари сонининг ортиши, 2016-2026: -11,6%
- Умумий бандлик: 27 780
Гарчи бу иш орзу каби кўринса-да, DJ ёки Disk jokey яқин келажакдаги иш ўрнининг энг кучли пасайишига дуч келади. Мусиқа ва подкастларнинг кўпайиши билан, тингловчилар мусиқа эшитишнинг радиодан бошқа вариантларини танлай бошлайди.
- Ахлоқ тузатиш муассасаси ходими
- Ўртача йиллик иш ҳақи: 44 330 доллар
- Иш ўринлари сонининг ортиши, 2016-2026: -7,7%
- Умумий бандлик: 415 000
2016 йилнинг охирида АҚШда маҳбуслар сони 1,5 миллионни ташкил этган. Бу эса 2009 йилдаги 1,6 миллиондан камайганини кўрсатади. Маҳбуслар сонининг камайиши, шунингдек, бюджет муаммолари ахлоқ тузатиш колонияларида ходимлар сонининг қисқаришига олиб келади. Кўпинча маҳсубларнинг зўравонлик ҳаракатлари натижасида ушбу муассаса ходимлари бошқа касблар ичида энг кўп жароҳат олади ва касалликларга чалинади.
- Ҳарбий хизматчи
- Ўртача йиллик иш ҳақи: маълум эмас
- Иш ўринлари сонининг ортиши, 2016-2026: маълум эмас
- Умумий бандлик: маълум эмас
АҚШ армиясида хизмат қилиш бошқа касблардан тубдан фарқ қилади. Чунки бу касб эгалари кучли ватанпарвар бўлади. Шунинг учун уларни энг ёмон касб вакилларига киритиш нотўғри бўлиши мумкин, аммо ҳарбийлар жуда кучли стрессда ва энг қийин меҳнат шароитида ишлайди. Айниқса жанговар ҳаракатлар ҳудудида ишлайдиганлар учун вазият жуда оғир. Кўпчилик ҳарбийлар йилига 30 000 доллардан кам топади.
- Чакана сотувчи
- Фото: Depositphotos
- Ўртача йиллик иш ҳақи: 24 200 доллар
- Иш ўринлари сонининг ортиши, 2016-2026: +1,7%
- Умумий бандлик: 4 448 120
Чакана савдо билан шуғулланадиганлар мижозлар билан ишлайди ва бунинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Бундан ташқари, бу иш учун АҚШдаги энг кам иш ҳақи берилади (мамлакатда ўртача кўрсаткич — 37 690 доллар, сотувчи эса атиги 24 200 доллар олади). Online бозорнинг ривожланиши бу соҳага салбий таъсир кўрсатмоқда.
- Газета мухбири
- Ўртача йиллик иш ҳақи: 41 260 доллар
- Иш ўринлари сонининг ортиши, 2016-2026: -10,0%
- Умумий бандлик: 37 140
2026 йилга бориб, газета мухбирлари сони 10 фоизга қисқариши тахмин қилинмоқда. Чунки газеталар ўқувчиларини ва рекламадан тушадиган даромадни йўқотиб бормоқда. Мухбирлар доимий равишда газетхонларнинг жиддий назорати ва босими остида ишлайди. Нашрнинг қатъий белгиланган муддати эса стресс даражасини ошириб юборади. Жиддий сиёсий мавзуларни ёритган мухбирларга эса хатто ўлим билан таҳдид ҳам қилиниши мумкин.
- Ўрмончи (дарахт кесувчи)
- Ўртача йиллик иш ҳақи: 40 650 доллар
- Иш ўринлари сонининг ортиши, 2016-2026: -12,6%
- Умумий бандлик: 37 400
Ўрмончилик Америкадаги энг ёмон ишлар рўйхатида 2-ўринда туради. Чунки у жуда хавфли касбдир. 2017 йилда АҚШда ўрмончилар билан 55 та ўлимга олиб борадиган, 350 та ўлимга олиб бормайдиган жароҳат кузатилган. Бу касбнинг юқори даражада хавфли экани сабаб кўп компаниялар дарахтларни кесиш жараёнини автоматлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Бу эса ўз навбатида иш ўринларининг қисқаришига олиб келади. Ҳатто хавфсиз даражада бўлганда ҳам ўрмончилик жисмонан қийин касб ҳисобланади, эвазига эса жуда кам ҳақ тўланади.
- Такси ҳайдовчиси
- Фото: Depositphotos
- Ўртача йиллик иш ҳақи: 25 980 доллар
- Иш ўринлари сонининг ортиши, 2016-2026: +5,0%
- Умумий бандлик: 207 920
Кам иш ҳақи, бандликнинг секин ўсиши, кучли стресс ва ёқимсиз меҳнат шароити бу касбни Америкадаги энг ёмон ишга айлантирган. Такси ҳайдовчилари тўлиқ сутка давомида, ҳар қандай об-ҳавода, доимий тирбандликда ва қўпол йўловчилар билан ишлайди. Ойлик маош эса кўнгилдагидек эмас.