«Дарё» ўтаётган ҳафтада дунё матбуотида кенг ёритилган, кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлган мақолалар шарҳига тўхталиб ўтади. — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради 

Эрон низоси Учинчи жаҳон урушига сабаб бўлиши мумкинми?

Форс кўрфазидаги қуролли қарама-қаршилик кучайган сари дунё уруш ёқасига келиб қолмоқда, деб ёзади Покистоннинг The Nation нашри.

Фото: AP

Форс кўрфази жаҳон энергия таъминотининг энг муҳим артерия томири бўлгани боис бу ҳудуддаги низолар нафақат АҚШ ва Эрон, балки Россия, Хитой ва Европа Иттифоқи манфаатларига ҳам таъсир қилади.

Низо нимадан бошланди? Барчаси АҚШнинг Эрон билан тузилган ядро битимидан чиқиши ва ўз зиммасига олган жавобгарликни бузилишидан келиб чиқди.

Дональд Трампнинг хавфсизлик масаласи бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон 2018 йил 9 апрелда ўз мансабини эгаллагач, бир ой ичида преидентни битимдан чиқишга кўндирди. Вашингтонда Болтон «калхат» тахаллуси билан танилган, унинг ташқи сиёсатдаги бош сиёсий маслаги шахс яккаҳокимлигига асосланган мамлакатларда режимларни алмаштиришдир. Жон Болтон Куба, Эрон, Шимолий Корея, Яман, Сурия, Ливия ва Венесуэладаги вазиятларда ҳам ўз тамойилига содиқ ҳолда иш тутиш тарафдори бўлди.

Форс кўрфазидаги ҳозирги зиддиятни Трамп сайлов арафасида Эрон билан имзоланган битимдан чиқиш ваъдаси билан ҳам боғлаш мумкин, лекин ҳарбий кескинликнинг асосий йўналтирувчиси Жон Болтондир.

Форс кўрфазининг шимолида Эрон, жанубида араб давлатлари — Уммон, БАА, Саудия Арабистони, Қатар ва Кувайт жойлашган. Хурмузд бўғозининг энг қисқа туташадиган жойи 35 миляни (56 километрни) ташкил этади ва, ҳарбийлар тили билан айтганда, «тош отиб нарига тарафга тушириш» мумкин бўлган нуқтадир. Бу ерда кунига дунё нефтининг учдан бир қисми олиб ўтилади. Агар кўрфазда нефть йўлига тўсиқ қўйилса, бу нефть танқислиги ва нарх кўтарилишига олиб келади.

Кейинги ойларда бу ерда бир томондан АҚШ ва унинг тарафдорлари — Исроил, Саудия Арабистони ва БАА, бошқа томондан Эроннинг стратегик манёврлари гувоҳи бўлиняпти. 2 май санасидан бери АҚШ Япония, Хитой, Ҳиндистон ва Туркия Эрон нефтини сотиб олишига йўл қўймаяпти. Натижада расмий Теҳрон ўта кучли иқтисодий ва дипломатик босим остида қолмоқда. Ҳаттоки Эроннинг кучли иттифоқчиси ва Чўбаҳор порти қурувчиси бўлган Ҳиндистон ҳам Эронга ёрдам беришдан бош тортди ҳамда АҚШ санкцияларига қўшилди.

Вашингтон Форс кўрфазига ўз қуролли кучларини юборди. АҚШ Афғонистондаги ҳарбий базаларига, Исроил, БАА ва Саудия Арабистони каби иттифоқчиларига таянади. Мазкур вазиятда Эроннинг энг заиф нуқтаси чекка ҳудудларида форс тилида гаплашмайдиган, эроний бўлмаган бошқа халқларнинг бўляпти. Масалан, Белужистон ва Сейистонда суннийлар, жанубда — Аҳвозда араблар, шимоли-ғарбий ва шимоли-шарқий ҳудудларда курдлар ва туркманлар кўпчиликни ташкил қилади. Эрон ҳукумати рақиблари бу вазиятдан оқилона фойдаланишга ҳам уриниб кўриши мумкин.

Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги ҳар қандай тўқнашув Форс кўрфази доирасидан ташқарига чиқиб кетади. Бу ислом дунёсининг бўлинишига олиб келади. Чунки ашаддий ажратувчилар — Саудия Арабистони ва Эрон тўқнашувга қараб кетмоқда. Ироқ ва Суриядаги қабилалар тўқнашувларини, Ливиядаги ҳокимият алмашинувини кўрдик. Шулар назарда тутиладиган бўлса, Форс кўрфази низоси ҳеч кимга яхшилик келтирмайди. Россия, Европа Иттифоқи ва Хитой ҳам Форс кўрфазида низо бошлангудек бўлса, четда томошабин сифатида ўтирмайди.

Популистларга овоз бермоқ Путинга овоз бермоқликни англатадими?

Бельгия собиқ бош вазири ва Европа парламентидаги либерал фракция раҳбари Ги Верхофстадт Brexit, Орбан ва Фараж — буларнинг барчасида Россияинг қўли бор деган айблар билан Европани «путинизм»дан огоҳ бўлишга чақирди, деб ёзади Project Syndicate нашри.

«Европанинг популистик ва ўта ўнг кайфиятдаги партиялари Владимир Путинга содиқ ва ундан қарздор эканликларига кўп йиллардан бери гувоҳ бўлиб келяпмиз», — деб баёнот берди Ги Верхофстадт. У Кремль Европа парламентига расмий Москва учун керакли депутатлар сайланишига уринаётган пайтда европаликлар бунинг олдини олиши ва зарба бериши керклигини таъкидлади.

Фото: AP

Шу ҳафта Европа парламентига сайлов бўлиб ўтиши кутилмоқда. Шу муносабат билан 18 май санасида Европанинг ўта ўнг раҳбарлари Миланда тўпланди. Улар орасида Франциядан Марин Ле Пен раҳбарлигида «Миллий бирдамлик»,  Голландиядан Герт Вильдерс раҳбарлигидаги «Озодлик» партияси, Даниядан «Халқ партияси», «Ҳақиқий финлар» партияси, «Германия учун муқобил» ва «Фламандлар миллий манфаатлари» партиялари аъзолари бор эди. Бу партияларнинг барчаси ўнг кайфиятдаги «Миллатлар ва халқларнинг Европа уюшмаси» номли янги парламент гуруҳига асос солди. Бу гуруҳга Италия бош вазирининг ўринбосари Маттео Сальвини раҳбарлик қилиши белгиланди.

Маттео Сальвини кутилаётган сайловни Европани Брюсселдаги «сотқин»лардан ҳимоя қила олишда ёрдам бера оладиган тарихий онлар деб ҳам атади. У Меркель, Юнкер ва Сорос жамғармасини Европада молия олигархияси ҳамда назоратсиз иммиграсия юзага келишида тил бириктирган гуруҳ деб эълон қилди.

Европанинг ўнг кайфиятдги раҳбарларини Путинга сиғиниш ҳам бирлаштириб туради. Жаноб Верхофстадтнинг сўзларига қараганда, уларнинг гап-сўзларидан Кремлнинг ҳиди келиб туради. Улар Европарламентнинг Россия борасидаги ҳар қандай қарорига қарши чиқади. Улар ҳаттоки Кремлнинг Солсберидаги кимёвий ҳужумларда қўли бор деган иддаоларга қарши чиққан; улар, Верхофстадтга кўра, Кремлнинг Европа парламентидаги  «бешинчи колоннаси»дир.

Ги ўз фикрларини якунлар экан, бутун Европа сайловчиларига ўнг кайфиятдаги гуруҳларга овоз бериб, ўз тақдирини Россия бошқарадиган қўғирчоқларга тутқазиб қўймасликка чақирди. Европа Иттифоқи АҚШ, Хитой ва Ҳиндистон билан сиёсатда ва иқтисодиётда рақобат қилишни ҳохлар экан, Россиянинг психологик ҳужумларини даф қила оладиган даражада кучга эга бўлиши зарурлигини таъкидлади.

Ирқий сегрегацияга янги уриниш

Фото: The Atlantic

АҚШда бир оқ танлилар яшайдиган ҳудудда оқ танли болалар учун алоҳида мактаб ташкил этиш ва бу орқали оқ танли болаларни қора танлилардан ажратиб олишга қарор қилинди. The Atlantic нашрининг ёзишича, бу нафақат жамият сегрегация жараёнига тортилишини билдиради, балки жамиятни пароканда ҳам қилиши мумкин.

Батон Ружнинг бир қисми бўлган Сент Жорж даҳасида ўзига тўқ оқ танли америкаликлар оқ танлилар учун алоҳида мактаб ташкил қилиш ташаббуси билан чиқди. Улар бу ташаббусга сабаб сифатида Шарқий Батон Руж мактаблари ўқувчиларининг ўзлаштириш кўрсаткичлари муттасил пасайиб бораётганини иддао қилди. Вазият яхшиланишига умид йўқлигини билдирар экан, ота-оналар маҳаллий қонун чиқарувчи органдан алоҳида мактаб округини ташкил этишни сўради. Аммо қонунчилик органи бу таклифни рад этди. Сабаби, алоҳида таълим округи яратиш учун шу ҳудуддаги аҳолининг учдан икки қисми овоз бериши керак.

Батон Ружга қўшни шаҳарда ҳам мазкур ҳолат кузатилган, аммо алоҳида таълим ҳудулари тузиш ташаббускорлари у ерда ҳам мағлубиятга учраган. Сўнг улар ўз шаҳарларини қуришга қонуний йўл топган ва у ерда мактабларини ташкил этишган. Сент жоржликлар ҳам улардан ўрнак олган ҳолда алоҳида шаҳар қуриб олиш учун жиддий курашга киришди.

АҚШда қора танлилардан бундай иҳоталаниш кўп кузатилмоқда. Бой оқ танлилар ўз мактабларини очиб олмоқда, бу кўрсаткич кейинги икки йилда анча ўсган. Тузилган янги округда таълимга йўналтириладиган харажатларини назорат қилиш ота-оналар учун қулайлашмоқда. Қўшимча тарзда, мактабда фақат оқ танли болалар ўқийди ва бюджет ҳам шунга яраша бўлади.

Бу Америка жамиятида сегрегация ва ирқий тенгсизлик яна илдиз ота бошлаганидан далолатдир.

Россиядан пул жўнатмалари кўпаймоқда

Фото: «РИА Новости»

Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон Россиядан энг кўп пул жўнатмалари қабул қиладиган мамлакатлардир. Шунинг учун ҳам бу республикаларнинг иқтисодиёти Россия иқтисодиётида бўлаётган кўтарилиш ва қулашларга ўта боғланган, деб хабар беради Eurasianet нашри.

Россия марказий банки маълумотларига қараганда, 2018 йилнинг ўзида Россиядан МДҲ мамлакатларига пул жўнатмларининг 68,1 фоизи ёки учдан бир қисми Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳиссасига тўғри келган. 2018 йилда Россиядан Марказий Осиёга 13,99 миллиард доллар жўнатилгн бўлса, 2017 йилда 12,9 миллиард доллар маблағ юборилган.

Қирғизистон ва Тожикистон Россиядан келадиган пул жўнатмаларига анча қарамдир. Уларнинг иқтисодиёти заиф бўлгани учун юз минглаб ишлаш ёшида бўлган ватандошлар Россияга иш излаб кетишга мажбур.

Мазкур мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулоти ва пул жўнатмалари таққосланса, жўнатмалар ҳажми ортиқлиги кўзга ташланади. Рақамларга қаралса, пул жўнатмалари Тожикистон ЯИМининг 31,3 фоизини, Қирғизистон ЯИМининг 32,9 фоизини ташкил қилади.

Шу сабабдан ҳам улар пул жўнатмаларига энг қарам мамлакатлар ҳисобланади. Манба мамлакатнинг ЯИМи қисқарса, пул жўнатмаларини олувчи мамлакатнинг ЯИМи ҳам қисқаради. Санкциялардан қийналаётган Россия иқтисодиёти айнан ҳозир Қирғизистон ва Тожикистон иқтисодиётига қўшимча оғриқ бўлиб тушмоқда.

Яна бир нарсани таъкидлаш жоиз. Пул жўнатмалари оқими қабул қилувчи мамлакатлар валюта курсларига ҳам таъсир этади. Маҳаллий валюта курси қимматлашувига ва экспорт қилинадиган товарлар нархи кўтарилишига ёрдам беради. Натижада, Тожикистон ва Қирғизистонда бўлгани каби, олтин ва кумушнинг нархи ошишига олиб келади.

Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.

От qwert.uz