«Жаслиқ» қамоқхонасида маҳкумларга тазйиқ ўтказиш учун ҳар хил ертўлалар ёки турли қийноқларга солинадиган алоҳида хоналар мавжуд эмас. Бу ҳақда 17 июль куни ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси (ЖИЭББ) бошқарма бошлиғи Жамшид Султонов журналистлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотида таъкидлаб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов.

Жамшид Султонов, ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси Тарбиявий ва ижтимоий-психологик ишларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи
Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Анжуманда ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси Тарбиявий ва ижтимоий-психологик ишларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Жамшид Султонов Қорақалпоғистонда жойлашган 19-сонли жазони ижро этиш колонияси («Жаслиқ» қамоқхонаси) фаолияти ҳақида маълумот берди — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради.

«Қорақалпоғистондаги 19-сонли жазони ижро этиш колонияси («Жаслиқ» қамоқхонаси) бўйича чет эл ОАВ ёки бошқа халқаро ташкилотлардан кўплаб саволлар келиб тушади. Минг афсуски, чет эл ОАВда ҳам, маҳаллий аҳолимизда ҳам «Жаслиқ» қамоқхонаси маҳкумга тазйиқ ўтказиладиган ёки маҳкумларнинг ҳуқуқлари таъминланмайдиган жой деб қараш бор. БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид 2017 йилда Ўзбекистонга сафари давомида «Жаслиқ» қамоқхонасига ташриф буюрган эди. Жаноб Аҳмад Шаҳид «Жаслиқ»даги барча жойни кўздан кечириб, маҳкумлар учун етарли шароит яратилганига гувоҳ бўлган. Чет эл ОАВда «Жаслиқ»да маҳкумларга тазйиқ ўтказиш учун ҳар хил ертўлалар ёки турли қийноқларга солинадиган алоҳида хоналар борлиги бўйича турли хабарлар тарқалган. Жаноб Аҳмад Шаҳид ўзи шахсан ҳар бир жойни бирма-бир ўрганиб, ундай жойлар мавжуд эмаслигига амин бўлган эди», — деди Жамшид Султонов.

Жазони ижро этиш бош бошқармаси вакили «Жаслиқ» қамоқхонаси ёпилиши ёки ёпилмаслиги бўйича ҳам изоҳ берди.

«Жазони ижро этиш муассасаларининг сони кўпайиши ёки камайиши, қайсидир қамоқхонанинг очилиши ёки ёпилиши, вақтинчалик фаолияти тўхтатилиб турилиши бўйича қонунчиликда қандай ўзгаришлар бўлса, биз ижро этувчи вазирлик сифатида юклатилган вазифани бажарамиз. «Жаслиқ» қамоқхонасига келадиган бўлсак, у нисбатан янги қамоқхона, мустақиллик йилларида очилган. Маҳбуслар учун керакли бўлган барча зазур шарт-шароитларга эга», — деди Султонов.

От qwert.uz