Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар беришича, жорий йил 19 октябрь куни Қарши туманидаги 7-мактаб ўқувчиси 15 ёшли Р.А. Қарши бош каналига ташлаб ўз жонига қасд қилган  — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради .

Фото: «Дарё»

«Дарё» мухбири Отабек Қўлдошевга воқеа тафсилотларини айтиб берган гувоҳларнинг сўзларига кўра, марҳум Р.А ўлимидан олдин синф раҳбари томонидан ўртоқлари олдида изза қилинган.

Мактабнинг 6-«Г» синфида таҳсил олувчи Рустам Асқаровнинг айтишича, воқеа содир бўлган куни марҳум Р.А.ни синф раҳбари Сабо Рашидова елкасидан тутиб, синфдошлари турган зал томон судраб борган. Ўқувчи буни ўз кўзи билан кўрганини таъкидламоқда.

— Домласи ёқасидан ушлаб активий залга судраб кетаётганди, у эса йиғлаб, устозининг қўлини силтаб ташларди, — дейди Рустам Асқаров. — Чап юзлари қизарганди. Менимча, устози урган бўлса керак. Аммо урганини кўрмадим.

Марҳум ўқувчининг синфдоши Бекжон Сайфуллаев эса Р.А.нинг ҳақорат қилингани, синф раҳбари томонидан ўртоқлари томон судраб олиб келинганини рад этмоқда.

— Ўша куни технология фанига кирганимизда, 3-4 нафар синфдошларимиз телефон томоша қилишаётганди, — дейди Бекжон Сайфуллаев. – Бориб қарасак, уятсиз видеолар экан. Кейин билсак, уятсиз видеолар бор телефон Р.А.ники экан.

Ўқувчиларнинг маълумот беришича, ҳолат ўқитувчиларга маълум қилингач, директор ўринбосари Меҳринисо Равшанова ҳамда Сабо Рашидова 14 нафар ўғил болалар билан суҳбат олиб боради.

Фото: «Дарё»

— Мактаб ҳовлисида юрган пайтим 9-синф қизлари келиб, «Синфимиз ўғил болалари телефондан ёмон нарсалар кўришяпти», деб айтишди, — дейди Меҳринисо Равшанова. — Хўп, сизлар дарсга бораверинглар, ўзим гаплашаман деб, маънавиятхонага келдим. Келсам, ҳар иккала маънавиятчи ҳам (директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари назарда тутилмоқда) ёзув ёзаётган экан. Воқеани айтдим. Улар баённома ёзишаётганини айтишди. Сўнг ўша — 9 «В» синф раҳбари Сабо Рашидовани олиб, видео кўраётган ўғил болалар ёнига бордик.

Айтилишича, Меҳринисо Равшанова ҳамда Сабо Рашидова 9 «В» синф ўғил болалари ёнига бориб, кимда телефон бўлса барчасини йиғиб олган. 14 нафар ўғил боладан 6 дона телефон чиққан.

Телефонларни йиғиб олиб, назоратдан ўтказган ўқитувчиларнинг маълум қилишича, телефонларнинг ҳеч биридан порнографик мазмундаги видеолар чиқмаган.

— Телефонларни йиғиб олганимиздан сўнг, кимнинг телефонида уятсиз видеолар борлигини сўрадик, — дейди Сабо Рашидова. — Шунда ҳеч ким жавоб бермади. Жим туришди. Кейин ўқувчиларни қўрқитиб, маълумотни билиб олиш мақсадида Руслан деган ўқувчимга қараб, «Русланнинг дадасига телефон қилай-чи» дедим. Шунда телефонни қўлга олганимни кўрган Руслан «Видео синфдошимиз Р.А.нинг телефонида бор», деди. Шунда Р.А. дан «шу ростми» деб сўрадим. У «йўқ» дея йиғлай бошлади. Шунда телефонининг «код»ини очиб беришини сўрадим ва телефоннинг ичини кўрдим. Аммо ундай видео йўқ экан.

Ўқитувчининг тахминича, видео унга келгунга қадар ўчирилган.

Маълум қилинишича, ўғил болалар қилмиши синфхонадаги муҳокамадан сўнг мактабнинг фаоллар залида ҳам давом этган. Залда 14 нафар ўқувчи мактабга телефон олиб келмаслигини айтиб, тушунтириш хати ёзган.

Воқеа гувоҳлари — Рустам Асқаров ҳамда исмини очиқламаслимизни сўраган мактаб ўқитувчисининг айтишича, марҳум Р.А. синфхонадан фаоллар залига келгунга қадар синф раҳбари томонидан ҳақоратланган, юзига икки марта тарсаки туширилган. Елкасидан тортиб, судралган.

14 нафар ўқувчи ўқитувчисига тушунтириш хати ёзиб бўлгач, Р.А. синфдошларига ўзини каналга ташламоқчилигини айтган.

— Бекжон исмли ўқувчим ёнимга келиб, Р.А. ўзини каналга сувга ташламоқчилигини айтди, — дейди Сабо Рашидова. — Шунда юрагим шув этди. Шу заҳоти ўқувчимнинг онаси Хуршида Холматовага қўнғироқ қилиб, воқеани айтдим ва тез етиб келишини сўрадим.

Марҳум Р.А.нинг онаси Хуршида Холматованинг айтишича, ҳақиқатан ҳам ўша куни ўқитувчиси қўнғироқ қилиб, тез етиб келишини, келмагунча ўғлининг телефонини қайтариб бермаслигини айтган.

— Мактабга етиб бордим, борсам синф раҳбари ўғлимни ўқувчиларнинг ёнида уялтирган, — дейди Р.А.нинг онаси. — Ўғлим йиғлаган, «телефонимнинг беринг, бермасангиз ўзимни ўлдираман» деган. Аммо ўқитувчиси унга қулоқ солмаган ва елкасидан судраб, тилхат ёзиб беришини сўраган. Буни ҳатто 6-синфда ўқийдиган қизим ҳам кўрган.

Хуршида Холматованинг маълумот беришича, 6-синф қизи ўқишдан қайтгач, онасига акасини синф раҳбари барчанинг олдида уялтиргани, елкасидан тортиб, судраганини айтган.

— Қизим ўқишдан келиб, «бугун акамни ўқитувчиси судраб, синфдошларининг олдида уялтирди, сабабини акамдан сўранг», деди. Аммо афсуски, у пайт ўғлим ўлган, қизим эса бундан энди хабар топганди.

Сабо Рашидова, Меҳринисо Равшанова ҳамда Р.А.нинг синфдошларига кўра, унинг онаси мактабга келгач, Р.А. мактаб ҳовлисидан қочиб чиқиб кетган.

— Ўғлим чопиб чиқиб кетгач, велосипедининг олдига бораётган бўлса керак деб ўйладим, — дейди марҳумнинг онаси. – Мен ҳам қайтаман деганимда, синф раҳбари «тилхат ёзиб берасиз» деб туриб олди. Ўша ерда 3 дақиқа тортишдик.

Марҳум Р.А. мактаб ҳовлисидан чиқиб, тўғри каналга кетган. Буни билган 3 нафар синфдоши ҳам унга эргашган.

Фото: «Дарё»

— Мактаб ҳовлисидан Р.А. билан бирга югуриб чиқдик, — дейди марҳумнинг синфдоши Зоҳид Пардаев. — Шунда унга «велосипедингда мени ҳам олиб кет», дедим. У эса «буёққа кетаяпман» деб канал томонни кўрсатди. Шунда ўқитувчимиз Сабо опага Р.А. каналга кетганини телефон қилиб айтдим. Ўқитувчимиз эса ортидан боришимизни тайинлади. Мен ҳам 2 нафар синфдошим билан унинг ортидан кетдик.

— Ўқувчимнинг каналга кетганини эшитгач, аввал онасига, кейин бош завучимизга қўнғироқ қилдим, — дейди Сабо Рашидова.

Ўқувчиларнинг айтишича, канал бўйига борган Р.А. синфдошларини узоқдан кўргач, ўзини сувга отган ва бир шўнғиб чиққан. Улар яқинлашгач эса яна сувга шўнғиган ва қайтиб чиқмаган.

7-мактаб директори Нодир Эшонқуловнинг маълумот беришича, ўқувчининг каналга кетганидан хабар топишгач, ўринбосарлари билан бирга канал бўйига борган ва ўқувчини излаган. Ҳудуд профилактика инспекторига хабар берган. Боришса, марҳумнинг онаси канал бўйида йиғлаб ўтирган. Марҳумнинг жасади МЧС ходимлари томонидан 2 соатдан сўнг сувга шўнғиган жойидан 40-50 метр наридан топилган.

Мактаб раҳбарияти ва ўқитувчиларнинг таъкидлашича, Р.А. воқеадан бир йил илгари ҳам телефонида порнографик мазмундаги видео олиб юргани учун мактаб етакчиси томонидан қаттиқ огоҳлантирилган.

Марҳумнинг синфдошлари Р.А. ўша воқеа содир бўлгандан сўнг синфдош қиздан пул сўрагани, арқон сотиб олиб, ўзини осмоқчи ҳам бўлганини айтмоқда.

— У ўша куни ўзини осмоқчи бўлгани, каналга ташламоқчи бўлганини бир неча марта айтганди, — дейди марҳумнинг синфдошлари.

Мактаб психологи Алфия Тўллиеванинг айтишича, марҳум Р.А.да суицидга мойиллик сезилмаган.

Марҳумнинг яқинлари унинг ўлимида мактаб ўқитувчилари ва раҳбариятини айбламоқда. Улар шу боисдан ҳам марҳумнинг синфдошларига гап ўргатиб, айбини ёпишга ҳаракат қилишмоқда.

Хуршида Холматова. Фото: «Дарё»

— Ўғлимнинг жанозасига келган ўқитувчиларнинг айтишича, Сабо Рашидова ўқувчиларининг уйига бориб, «ўқитувчимиз синфдошимизни урмаганди, судрамаганди», деб тилхат ёздириб, гап ўргатаётган экан, — дейди Хуршида Холматова. — Ўйлайманки, адолат қарор топади. Мен эса ҳақиқатнинг тагига етаман.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қарши туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

От qwert.uz