«Орангизда онам бўлсайди», «Дадамга ичирманглар», «Ёшлик бизни ташлаб кетади», «Жайра-жайра», «Дадамнинг мухлислари» каби юзлаб оммалашган қўшиқларнинг муаллифи, шоир Мирзо Карим уйсиз яшаётгани, оиласи ва фарзандлари билан ўн йиллардан буён ижара уйларда сарсон бўлиб юргани ҳақида ижтимоий тармоқларда маълумотлар тарқалди  — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради .

Фото: Facebook

Ушбу маълумотларга ойдинлик киритиш мақсадида «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад шоир Мирзо Каримнинг ижара уйида меҳмон бўлди.

Шоир Мирзо Карим ҳозирги аҳволи ҳақида қуйидагиларни гапириб берди.

Одам яхши яшагиси келади, кимгадир уч-тўртта уйи, машинаси бўлса ҳам камдек туюлади. Аҳволим, кимларгадир нисбатан яхши эмас. Албатта, ўзимиз яхшилашга ҳаракат қиляпмиз. 2018 йилгача бузилса уй берадиган қарор бўлар эди. Яъни пропискада турган уйи бузилса уй беришарди, мен ўша эски уйда ўн йил туриб умримни ўтказдим. Ўн йил шунга ишондим. Бошқа бир санъаткор дўстимга ёки тадбиркор дўстимга ишонмадим. Мен аввало Худога ишондим.

Аҳволим ҳам у қадар аянчли эмас. Негаки, мен яшаяпман, нафас олаяпман, оилам, фарзандларим бор. Афғонистондан соғ-саломат келганман. Буёғи ҳаммаси пешонамдан, русчасига айтганда ‘лотерея’ дейман, шунинг учун мен кўникувчан одамман.

Мирзо Карим, шоир

Мирзо Карим суҳбат давомида ваъдасида турмаган санъаткор дўстларини ҳам эслаб ўтди.

Кўп алдашган, ҳали ҳам алдашади. Диским чиқса, уй олиб бераман, машина олиб бераман, китоб чиқараб бераман, дорихона очиб бераман дейишади. Ўн йиллаб бирга ишлаган ҳамкорларимиз ҳам гапирган, айтади ҳам, қайтади ҳам. Мен булардан ҳеч қачон умид ҳам қилмаганман.

Ўзимга ҳамма шеърим ҳам машҳур туюлади. Халқ орасида қанчалик машҳур эканлигини санъаткорлар ҳам, халқ ҳам билади. Озодбек Назарбеков ‘Орангизда онам бўлсайди’ шеъримни куйлаган. Хуршид Расулов 100 дан ортиқ шеърларимни қўшиқ қилиб айтган. Ҳали битта ҳам қўшиғи йўқ пайтларида, ижодини нолдан бошлаганмиз. Ўшанда, Хуршид Расуловнинг жамоасида тўйларда давракаш бўлиб юрганман. Шунга яраша, хизмат ҳаққи олганман. Орзуларимиз кўп эди, лекин, бирортаси ҳам амалга ошмади. Ҳеч қайси санъаткорнинг мендан қарзи йўқ, лекин, қанақадир меҳр-оқибат, ‘шу инсон менга жон куйдирган экан’, деган нуқтаи назардан айтяпман. Ҳаммаси билан кўришсам ҳам, бирортаси билан тескари бўлмаганман, бундан кейин ҳам ‘шеър ёзиб бер’ дейишса, ёзиб беравераман. Шундай бўлганки, ўзлари ваъда бериб, ўзлари ваъдасини бажаришмаган, кейин бошқаларга мурожаат қилишга мажбур бўлганман.

Хонандалар қалам ҳақи ҳам беришган, қалам ҳақи ҳам шундайки, қайсидир маънода у чойчақа. Агарда неча пуллигини айтиш зарур бўлса, 50 доллар ва ундан кўпроқ беришади. Юлдуз опа билан ишлаганман, уларга ҳам жуда кўп қўшиқ ёзиб берганман. Бирга ишлаган қўшиқларимиз ҳам бор. Ўшанда ‘Panterra’ студиясида қўл қўйиб, худди ойлик олгандек олганмиз.

Боя айтганимдек, ҳеч қайси хонанданинг мендан қарзи йўқ, лекин, жуда кўпчилигида берган ваъдаси, одамни ишонтириб қўйиши бор. Биттаси энди, исмини айтмайман, катта йўлда машинани тўхтатиб ‘Битта ўғилман, биринчи диским чиқса, машина мендан’,  деганди. Менга бошқалари ҳам айтишган, ваъдалар беришган. Валоҳанки, 3—4 та диск чиқарди, 5—6 та машина олди, лекин эслатсангиз, ‘У бўлиб қолди, бу бўлиб қолди, ундай-бундай’, — дейишади.

Аввало, Худо, кейин эса ўз кучимга ишонаман. Қачондир, бизга ҳам ҳақни, халқни ҳам назари тушишини умид қилиб яшайман. Бу нарсаларга чуқурлашиб, ‘мана шунақа меҳнатлар қилган эдим, эъзозлашмади’, деган гаплардан жуда-жуда йироқман.

Мирзо Карим, шоир

От qwert.uz