Абдуллоҳ қаерда? Бугун бу савол Ёшлар Иттифоқи ва «Адолат» социал-демократик партияси вакиллари томонидан берилди. Лекин жавоб ҳали ҳам йўқ. Ҳатто Абдуллоҳнинг иши билан қайси идора шуғулланаётганини ҳам очиқ айта олишмаяпти. Айтиш мумкинмасдир-да, начора  — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради .

Шавкат Мирзиёев буханканинг таннархини тушириш бўйича кўрсатма берди. Куни кеча Қорақалпоғистон ва Сурхондарёда буханканинг нархи 2—2,5 минг сўмга чиқиб кетгани ҳақида ёзилганди. Президентнинг кўрсатмаси ҳақидаги хабар пайдо бўлиши билан Қорақалпоғистонда нарх 1500 сўм бўлиб қолибди.

«15 ёшида она бўлган ўқувчи қиз ва чақалоғи ҳақида дарҳол хабар берилган», дея вилоят ИИБга раддия бермоқда Қашқадарё соғлиқни сақлаш бошқармаси. Ёдингизда бўлса, Косонда уч йигит билан жинсий алоқада бўлган ўқувчи 2018 йил майида она бўлгани ҳақида ёзилган эди.

2019 йилнинг январидан октябрига қадар — 10 ой давомида неча кишига Тошкент шаҳар пропискаси берилгани маълум қилинди. «Бахтлилар» сони 30 мингдан зиёд. Ички ишлар вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, Ўзбекистонда 1—2 йил ичида прописка деярли кўтарилмайдиган масалага айланади (таҳдидга ўхшаб янграяпти-ю бу гап, лекин яхшиликдан умид қиламиз).


Тошкент вилоятида бошқа автобус билан пойга ўйнаб, ағдарилган Isuzu автобуси.
Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Ҳалок бўлди, ҳалок бўлди, ҳалок бўлди. Тошкент вилоятида икки Isuzu автобусларининг пойгаси оқибатида автобуслар ағдарилиб кетди, бир киши ҳалок бўлди. Наманганда маст эркак автомашина олиб қочиб, ЙТҲ оқибатида вафот этди. Фарғонада носоз иситиш мосламаси туфайли уй ёниб кетди, оқибатда 1 ёшли қизча ҳалок бўлди. Рязанда ўзбекистонлик қурувчи юқори қаватдан йиқилиб ҳалок бўлди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонга кетаётган ўзбекистонликларни ноқулай об-ҳаво шароитидан огоҳлантирди: қўшни мамлакатда қаттиқ совуқ тушиб, қор ёғиши кутилмоқда, шу боис эҳтиёт чораларни кўриш керак — яна 2018 йил январидаги каби Ақтўбе фожиалари такрорланмасин. Айтмоқчи, Қозоғистондаги бу совуқлар 10 ноябрдан Ўзбекистонга кўчиши мумкин.

Ўзбекистонда яна нима янгиликлар? Ўзбекистонда ҳаво ҳужумига қарши ракета амалда муваффақиятли қўлланилди. Мактаб ўқувчиларини давлат имтиҳонидан озод қилиш ҳуқуқини берадиган касалликлар рўйхати кенгайтирилди. МИБ ўз фаолияти давомида энг қиммат уйни кимошди савдосига қўйди. Олмазорда икки ҳайдовчи ўртасида юзага келган жанжалда улардан бири пластмасса тўппонча ўқталди. Сохта Италия паспорти билан Ўзбекистонга киришга уринган эронликлар қўлга олинди. Пекиндан Тошкентга учаётган Uzbekistan Airways самолёти Хитой аэропортига фавқулодда қўнди. TikTok Ўзбекистонда энг кўп юкланаётган мобил дастурлар Топ-5 лигига кирди.

Жаҳонда-чи, жаҳонда нима гап? Бишкекдаги кафелардан бирида портлаш юз берди — камида 13 киши жабрланган дейишяпти. Alibaba асосчиси Жек Ма кетма-кет иккинчи йил Хитойнинг энг бадавлат одамига айланди. Афғонистон расмийлари Тожикистон—Ўзбекистон чегарасидаги постга ҳужум қилган ИШИД жангарилари Тожикистонга Афғонистондан ўтганини инкор этди (ҳа, биз ҳам шубҳа қилиб тургандик ўзи). Россияда хитойликларга нисбатан босқинчилик қилган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларига суд ҳукми ўқилди.

От qwert.uz