Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фирибгарлик ва пора беришга далолат қилиш жинояти фош этилди. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради .
Фото: Google Images
Маълум бўлишича, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги мактабгача таълим ташкилотларидан бирининг мудираси Т.Э. «Каттақўрғон ҳақиқати» газетаси муҳаррири, «Жамият» газетасининг мухбири бўлган Ш.Қ. билан тил бириктириб, тумандаги яна бир МТТда товламачилик қилган.
Улар молиявий назорат бошқармаси томонидан ўтказилган текширувда аниқланган камчиликларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилмаслиги ва жиноят иши қўзғатилмаслигини ҳал қилиб бериш эвазига МТТ мудираси Д.Б.дан 3 000 доллар талаб қилиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Аниқланишича, «Каттақўрғон ҳақиқати» газетаси муҳаррири бўлган Ш.Қ. 22 августда МТТга келиб, ўзини «Kun.uz» мухбири деб таништирган. Уни алдаб ва ишончига кириб, болалар боғчасидаги текшириш ўтказиш ва топилган камчиликларни «Kun.uz»да чоп этиб, Д.Б.ни ишдан бўшатиш ҳамда жиноят иши қўзғатиш билан қўрқитган.
Бу ишни амалга оширмаслиги учун жиноий шериги бўлган МТТ мудираси Т.Э.нинг телефон рақамини бериб, унга учрашишини айтган. Т.Э. эса мудира Д.Б.га «Kun.uz» сайтининг «мухбирлари» билан боғлиқ иши ҳал бўлиши учун 3 000 доллар бериши лозимлигини айтиб, ундан 2 900 доллар ва тилла тақинчоғини олган.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан Каттақўрғон тумани МТТ мудираси Т.Э. ва «Каттақўрғон ҳақиқати» газетаси муҳаррири ва «Жамият» ижтимоий-сиёсий газетасининг вилоят мухбири Ш.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28 (Жиноят иштирокчиларининг турлари), 211-моддалари (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.