Энергетика вазирлиги тизимига кирувчи «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» компанияси 2019—2020 йилларда электр энергиясини импорт қилиш юзасидан Туркманистоннинг «Туркманэнерго» давлат электр энергетика корпорацияси билан келишувга эришганини эълон қилди — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради .
Фото: «Gazeta.uz»
Компания вакилларининг таъкидлашича, 1 декабрдан бошлаб «республикамиз электр энергияси таъминотида ижобий ўзгаришлар рўй бериб, тармоқдаги чекловлар кескин камаяди».
Эслатиб ўтамиз, совуқ кунлар келиши билан Тошкент шаҳрида ва Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида электр таъминотида узилишлар юз бера бошлаган эди. Бош вазир Абдулла Арипов 28 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда 27 ноябрда кун давомида 110 кВ кучланишли 144 та электр ўтказиш линияларида 300 дан ортиқ чекловлар киритилгани, бу чекловлар 1,5 соатдан 5 соатгача давом этганини маълум қилган эди.
Бундан ташқари, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ салкам 31,5 мингта ҳолат аниқланиб, етказилган зарар миқдори 22 миллиард сўмга тенг экани таъкидланган эди.
Бундан бир кун аввал эса Энергетика вазирлиги «кўзда тутилмаган ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида» истеъмолчиларнинг бир қисмини электр энергияси таъминотидан узиб қўяётганини маълум қилган эди. Бундан ташқари, вазирлик вакиллари «эҳтиёж бўлмаган вақтда электр ускуналарини ишлатмаслик»га чақирган эди.