Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда мамлакатга четдан олиб келинаётган коралл калсий биологик фаол қўшимчаси ҳақида ҳар хил шов-шувли маълумотлар тарқатилмоқда. Жумладан, коралл калсий жуда кўп дардларга шифо бўлиши, ҳатто, онкологик касалликларда ҳам яхши самара бериши ҳақида асоссиз хабарлар кўпайиб боряпти  — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради . Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур маълумотларни атрофлича ўрганди ҳамда ўрганиш натижалари бўйича маълумот берди.

«Дарҳақиқат, калсий моддаси инсон ҳаёти ва саломатлиги учун муҳим микроэлементлардан бири. Зеро калсий инсон суяк тизимларини мустаҳкамлаш, организмда модда алмашинувини яхшилашда муҳим ўрин тутади. Шу сабабли таркибида калсий бўлган биологик фаол қўшимчалар доим харидоргир бўлиб келган.

Коралл калсийси ҳақида сўз юритиладиган бўлса, бу модда калсий карбонатининг бир кўриниши бўлиб, калсийнинг дунёда энг кўп тарқалган тури ҳисобланади. Коралл калсийси тошланган кораллдан олинади ва унинг минераллар таркиби оддий калсийга қараганда бироз бойроқ бўлади», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда пойтахтдаги «BEVERLee Business» масъулияти чекланган жамияти хориждан олиб келинган ана шундай маҳсулотни аҳолига тақдим этмоқда. Ушбу МЧЖ давлат рўйхатидан ўтказилган ва у тақдим этаётган маҳсулотлар тегишли мувофиқлик ва сифат сертификатига эга. Бироқ четдан келтирилаётган коралл калсий биологик фаол қўшимчаси нархи дорихоналарда сотилаётган калсий препаратидан жуда ҳам қиммат, самарадорлик борасида эса амалдаги тиббий препаратлардан у қадар фарқ қилмайди. Буни Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ион-плазма ва лазер технологиялари институти лабораториясида ўтказилган тадқиқот ҳам исботлади.

«Бу иккала калсийнинг асосини текшириш учун «Беверли» компаниясининг тармоқли маркетинг орқали сотилаётган калсий таблеткаси ва ундан анча арзон бўлган дорихоналаримизда сотилаётган калсий таблеткасини солиштириш мақсадида махсус тадқиқот ўтказдик. Порошок кўринишида бир хил миқдорда иккита намуна тайёрланди. Тадқиқотда иккала намунанинг асоси бир хил эканлиги аниқланди. Фақатгина ‘Беверли’ компаниясига тегишли калсий намунасида минераллар таркиби бироз кўпроқ экан», — дейди мазкур институт илмий ходими Рустам Ашуров.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармакология қўмитаси раиси ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Шоисломов коралл калсий ҳақида шундай дейди:

«Бу биологик фаол қўшимчани ҳар дардга даво деб талқин этиш мутлақо нотўғри. Бундан ташқари, инсон бирор дори-дармон ёки биологик фаол қўшимча истеъмол қилишдан олдин, албатта, шифокор кўригидан ўтиши лозим. Қолаверса, дори-дармон ёки биологик фаол қўшимчаларни ойлаб, йиллаб узлуксиз истеъмол қилиш асло мумкин эмас.

Жумладан, таркибида калсий сақловчи ҳар қандай дори-дармон ёки биологик фаол қўшимчани ҳам ўз билганича ичиш нафақат фойда келтирмаслиги, балки турли хил салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Хусусан, биз юрак–қон томир тизими касалликларига мойиллиги бўлган шахсларда юрак ритмининг турли бузилишларига ва ҳатто ўлимга ҳам олиб келганлиги ҳақидаги аянчли маълумотларга эгамиз. Шунингдек, сийдик-тош касаллиги бор беморларда дардни зўрайтириб юборганлик ҳолатлари ҳам кўп кузатилган».

Шундай экан, касалликларни даволашда сифат ва миқдор жиҳатдан текширувлардан ўтказилган, шу билан бирга, хусусиятлари ҳам тўлиқ ўрганилган калсий сақловчи дори воситаларидан шифокор тавсиясига асосан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Бугунги кунда мамлакатда калсий сақловчи жуда кўп самарали дори воситалари рўйхатдан ўтказилган ва дорихоналарда етарли миқдорда мавжуд, нархи ҳам ҳамёнбоп, дейилади хабарда.

От qwert.uz