Мадина Мухторова: «Боламни мен урдим — она сифатида бунга ҳаққим борми?» (видео)

Таниқли актриса Мадина Мухторованинг ўғли (13 ёшли М.О.) билан боғлиқ вазият бир неча кундан бери ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама қилинмоқда. Ушбу ҳолат юзасидан 4 январь куни Юнусобод тумани ИИБ ФМБда журналист ва блогерлар учун брифинг ташкил этилди  — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради

Аввалроқ ушбу брифингда чиқиш қилган Юнусобод тумани прокурори Ҳабибулла Мирсоатов, ўз ваколатидан келиб чиқиб, 13 ёшли М.О. билан боғлиқ ҳолат юзасидан 4 январь куни Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши очгани ҳақида хабар берилган эди.

«Дарё» мухбири Миролим Исажоновнинг хабар беришича, брифингда актриса Мадина Мухторова ҳам қатнашиб, ОАВ вакилларининг саволларига қисман жавоб берди. Жумладан, у кенжа ўғли (13 ёшли М.О.) билан доимий бирга яшашини таъкидлаган.

Мадина Мухторова.
Фото: Миролим Исажонов / «Дарё»

ЖЕК (хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати)дан ҳам сўраб кўришингиз мумкин — пропискада болам билан бир ўзим тураман. Беш хона, кенг уй. Худога шукр, акаларининг дипломи, иккитадан боласи бор. Уй-жойи, машинаси етарли. Келинларим билан уришмаган, ажрашмаган. Оила бутун. Кенжа ўғлим доим мен билан.

Мен ҳозир нима бўлаётганини англаётганим йўқ, лекин нима бўлганини айтиб бераман. Хуллас, кенжа ўғлим жуда қаттиқ назоратда. Мактабда икки-учта дарсни қолдирган. Мактабга бормаган кунлари ўқитувчилари акасига қўнғироқ қилган, дарсга келмаганини айтган. Акаси унга ота бўлса, келинойиси онадек.

Боламни мен урдим — она сифатида бунга ҳаққим борми? Ўғлим Санжар, келинимдан бошқа ҳеч қандай қанотларим йўқ — агар оч қолсам, қоқилсам, қайси бирингиз: «Яхшимисан? Қорнинг очми? Уйдамисан? Нима гап?», деб сўраб келасиз?

Мадина Мухторова, актриса

Куни кеча М.О. билан боғлиқ ҳолат юзасидан бир аёлнинг видеомурожаати пайдо бўлганди. Видеодаги аёл ўзини Мадина Мухторованинг қариндошиман дея таништириб, М.О.га муттасил азоб бериб келинаётгани ҳақидаги гаплар ростлигини таъкидлаган. Актриса бу видеомурожаатга шундай муносабат билдирди:

Болам учун, мен учун жон куйдираётган, хавотир олаётган одамларга катта миннатдорчилик билдираман. Ҳозир менинг керак ва керакмас қариндошларим кўпайиб кетди.

У қариндошимни уйимга киргизмай, эшикни беркитиб олдим. Журналистлар билан бирга жавоб олиш учун келганди. Унинг манзилини ҳам бераман, ўзига савол берасиз. Ҳамма нарсани қўзғаган мен эмас, кўпроқ ўша аёл.

«Ертўлада сақлашибди», деган гапларни ҳам ундан сўранглар. Мен ҳеч нарсани билмайман. Кеча уйигача ҳам қидириб бордим. Шунчалик яқин қариндошим эканки, уйидан тополмадим. Телефонини ҳам кўтармади.

Мадина Мухторова, актриса

Мадина Мухторова ижтимоий тармоқларда унинг икки ўғли ва келини иштирокида тарқалган видео ҳақидаги саволга жавоб бераркан (унда М.О. ўзи билан ҳаммаси жойида экани, акаси ва келинойисини яхши кўриши, уни ҳеч ким урмагани ҳақида гапиради): «Мени тинч қўйинглар, десам ҳам мажбурлашди. Блогерлар келиб, олиб кетишди. Кимлигини билмайман», деди.