Telegram’даги «Ташқарида» каналида АҚШ ва Эрон ўртасидаги сўнгги кунларда айниқса кескинлашган муносабатлар ҳақида мақола эълон қилинди. Бу ва каналда ундан аввал эълон қилинган прокси урушлар ҳақидаги мақола билан тўлиқ қуйида танишиш мумкин  — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради

Уруш муқаррарми?

АҚШ ракета зарбаси оқибатида ўлдирилган Қосим Сулаймоний ва Маҳди ал-Муҳандис тобутлари.
Фото: ISNA

Трампнинг кутилмаган қарори Яқин Шарқдаги вазиятни янада жиддийлаштирди: 3 январь куни АҚШ дронлари Бағдод аэропорти яқинида Эроннинг Исломий инқилоб муҳофизлари корпусининг хориждаги операцияларга масъул қўмондони Қосим Сулаймоний ўтирган машиналарга зарба берди. Генерал билан бирга АҚШ элчихонасига ҳужум қилган гуруҳ раҳбари ҳам ҳалок бўлди.Сулаймоний Эроннинг энг қудратли шахсларидан бири бўлиб, хориждаги ҳарбий операциялар учун жавоб берар ва, аввал айтилганидек, прокси гуруҳларга таянишни яхши кўрарди. Афғонистонда «Толибон»га қарши курашда, Ироқда Саддам Ҳусайнни ағдаришда АҚШ билан ҳамкорлик қилган, шундан кейин Вашингтон уни америкалик аскарлар ҳалок бўлишида айблаб, муносабатлари ёмонлашган.

Кейинчалик, Сурияда уруш бошлангач, президент Асаднинг бунчалик узоқ вақт қаршилик кўрсатишига катта ҳисса қўшган ва Ғарбнинг асосий душманларидан бирига айланган. ИШИД пайдо бўлгач, Ироқда яримҳарбий гуруҳлар тузилишига бош бўлиб, террорчилик ташкилотини енгишга бошчилик қилган.

Яманда бошлаган урушда Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция ва уларни қўллаб-қувватлаган АҚШга қаршилик кўрсатди. Шунингдек, Ироқда ИШИД енгилгач бекор қолган гуруҳлар ёрдамида Эроннинг таъсирини оширишда давом этди. Айнан шу таъсирга қарши Бағдодда бир неча ойдан буён намойишлар давом этаётганди, бу орада АҚШ билан можаро келиб чиқди.

АҚШнинг аввалги президентлари — кичик Жорж Буш ва Барак Обамада ҳам, Вашингтоннинг Яқин Шарқдаги асосий иттифоқчиси Исроилда ҳам бир неча бор Сулаймонийни ўлдириш имкони бўлган, бироқ очиқ уруш бошланиши хавфи борлиги туфайли улар бунга журъат этмаган эди. Трампга эса журъат шарт эмас.

Хўш, энди очиқ уруш бошланиши эҳтимоли қанчалик юқори? Албатта, шу пайтгача бўлган энг юқори даражада. Бироқ, аввал айтилганидек, қудратли давлатларнинг ўзаро урушлари йирик ҳалокатларга олиб келиши аниқлиги туфайли, улар прокси урушларни маъқул кўрмоқда.

Вазият қанчалик жиддий бўлмасин, Эрон АҚШга уруш очиб, ўзини ўзи чўғга отиши эҳтимоли йўқ ҳисоби. АҚШ ҳам мисли кўрилмаган харажатларга олиб келадиган бундай урушни бошламайди. Шундай экан, Эроннинг прокси гуруҳлари Яқин Шарқдаги АҚШ объектлари ва расмийларига нисбатан ҳужумларини жиддий кучайтиришини кутиш мумкин.

«Ташқарида» каналида 2 январь куни ҳам АҚШ—Эрон муносабатларига бағишланган мақола эълон қилинган эди.

Бағдодда нима гап?

АҚШнинг Бағдоддаги элчихонасига уюштирилган ҳужум вақтида.
Фото: Associated Press

Қудратли давлатларнинг ўзаро уруши катта фалокатларга олиб келиши маълум бўлганидан буён — Иккинчи Жаҳон уруши якунидан кейин бундай урушлар ўрнини тўғридан-тўғри бўлмаган, прокси урушлар ва можаролар эгаллади. Бунда икки давлат бир-бири билан урушмай, учинчи давлатдаги бир-бири билан можародаги турли кучларни қўллаб-қувватлаш орқали ҳаракатланади.

Бу ядровий можаро эҳтимоли юқори бўлган «Совуқ уруш» даврида айниқса кенг тарқалган эди — АҚШ ва СССР кўплаб урушларда қарама-қарши томонларни қўллаб-қувватлаб қатнашди (Корея, Вьетнам — энг машҳурлари). Афғонистондаги прокси уруш натижасида сўнгги 40 йилликнинг энг катта муаммоларидан бири — «Толибон» ҳаракати вужудга келди.

2003 йилда АҚШ бостириб кирганидан кейин пароканда давлатга айланиб қолган Ироқ ҳозирга келиб прокси уруш учун энг асосий ҳудудлардан бирига айланган. Бу ерда асосий кураш бир томондан АҚШ, иккинчи томондан бутун дунёда унчалик бўлмаса ҳам, Яқин Шарқнинг айнан шу қисмида катта қудратга эга Эрон ўртасида кечади.

Қизиқарлиси, Эронни Ироқдаги жараёнларга аралашишга АҚШнинг ўзи қаттиқ ҳаракат қилиб кўндирган. Гап шундаки, Ироқдаги ҳарбий кампаниянинг 5—6 йилидан кейин муваффафиятдан асар ҳам бўлмагач, Вашингтон аҳолисининг катта қисми шиалар бўлган мамлакатга Эронни жалб қилибгина доимий ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга эришган, Теҳроннинг меҳнатлари эвазига Ироқда етарлича таъсирга эга бўлишига ҳам рози бўлган эди.

Кейинчалик ушбу кампаниянинг бевосита натижаси ўлароқ Ироқда вужудга келган ва Сурия ҳудудига ҳам тарқалган ИШИД террорчилик ташкилотига қарши курашда АҚШ ва Эрон яна ҳамкорлик қилишига тўғри келди. Бу сафар Ироқ маркази ва шимолини террорчилардан тозалаш учун Эрон қўллаб-қувватлаган 30 дан ортиқ партизанлик гуруҳлари ердан ҳужумлар билан шуғулланган бўлса, АҚШ ҳаводан зарбалар орқали ёрдам берди.

ИШИД енгилгач, АҚШ ҳарбий иштирокини сезиларли камайтирди, бироқ Эрон ҳомийлигидаги яримҳарбий гуруҳлар ҳеч қаерга кетиб қолмади. Улар шунчалик кучайганидан, бемалол ҳукумат ҳарбий базасига ҳужум қилишимиз мумкин, деб ҳисоблайдиган даражага келди. Ва шундай ҳужум пайтида бир нафар Америка фуқаросини ўлдириб қўйди.

Америка фуқаросини ўлдириш эса яхшиликка олиб келмайди. Айниқса АҚШ ҳарбийлари бор мамлакатда. Айниқса бундай гуруҳлар томонидан. АҚШ ҳам Ироқдаги бундай ҳаракатни бемалол жазолашимиз мумкин, деб ҳисоблади. Шундай қилиб, Вашингтон ҳарбий самолётларининг ҳужумда айбланган гуруҳ қароргоҳига ҳужуми натижасида 20—30 нафар одам ҳалок бўлди.

Натижада 31 декабрь куни гуруҳ аъзолари Бағдоддаги АҚШ элчихонасини қамал қилиб, бир дарвозадан бостириб киришга ҳам эришди. Ҳужум 1 январь куни ҳам кичикроқ миқёсда давом этди, Ироқ бош вазири АҚШнинг ҳарбий ҳаракатлари қонун билан чекланишини ваъда қилгачгина тўхтади.

Бу вазиятда қизиқарлиси — яримҳарбий гуруҳ аъзоларининг АҚШ элчихонасига келиб, бостириб кира олгани. Улар етарлича мустақил бўлса ҳам, Ироқ хавфсизлик кучлари назорати остида туради — шу пайтгача уларни элчихона деворлари тугул, уни ўраб турган бир неча километр кенгликдаги яшил ҳалқага ҳам яқинлаштиришмаган, бу сафар эса индашмади.

Бу Эроннинг Ироқдаги таъсири яримҳарбий гуруҳлар билан чекланмагани, ҳукумат/хавфсизлик кучлари ҳам АҚШ элчихонасига йўл очиб берадиган даражага етганини англатади. Яхшиямки, 40 йил олдинги Теҳрондаги ва беш йил олдинги Бенғозидаги АҚШ дипломатик ваколатхоналарига ҳужумлардан фарқли равишда, вазият асирларсиз ва қурбонларсиз якунланди.

Ушбу жиддий ҳодиса туфайли АҚШ давлат котиби Майк Помпео 2020 йил бошида Марказий Осиё ва Украина режалаштирган сафарларини номаълум муддатга қолдирди. Ушбу мамлакатлар Теҳроннинг яқин иттифоқчиси — Россия учун муҳимлигига қаралса, яна бир прокси ўйин аломатини кўриш мумкин. Аммо бунинг учун жиддий исботлар зарур.

От qwert.uz