Латифалар (Гапирадиган тўтиқуш…)

ГАПИРАДИГАН «ТЎТИҚЎШ».

Якшанба куни эр-хотин дала ховлиларига дам олиш учун боришибди. Хотини у ердаги мўъжазгина дала ховлига мослаштирилган уйларида тушлик учун салат тайёрлаётган экан. Эри эса ташқарида бодринг-помидорлар эгатлари орасида юриб, улар орасидаги бегона ўтларни юлиб ташлаш билан овора бўлибди.Бир пайт ичкарига ташқаридан ғалати товушлар эшитилибди. Хотин қилаётган ишини атайин секинлатиб, ташқарига яхшироқ қулоқ сола бошлабди. Ташқаридан қулоғига шундай сўзлар чалинибди:

— Салом!

Салом!

— Қалайсан?

Жуда ёмон!

— Баттар бўлгин!

Ўзингиз хам!

— Мен кетдим!

Даф бўл!

Хотин охири чидамай, ташқарига чиқибди. Ташқарида эса эридан бошқа хеч ким йўқ эмиш. Хайрон бўлиб эридан сўрабди:

— Хой дадаси, ким билан шунақа қисқагина қилиб ғалати гаплашдингиз. Ахир….

— Э, онаси, валдирайверасанми, қўшнимизни гапиришга ўргатилган «тўтиқуш»и бор экан. Шу билан гаплашдим…

— Ё тавба, тўтиқуш аёл кишини товушида гапиришини энди эшитишим. Худди анави дугонам Шахлони овозини ўзгинаси-я!…

… Бир оздан сўнг, эр овлоқроқ жойга бориб, кимгадир телефон қилиб, секингина дебди:

— Хой «тўтиқуш», ахир сенга неча маротаба айтдим, дала ховлига «учиб» келмагин деб. Хотиним сал бўлмаса сезиб қолай деди-я, қўлга тушсак, расво бўлардик! Айтмоқчи, хотинимни дугонаси эканлигингни нега хозирга қадар менга айтмагансан?!…

ДАНГАСА — «АВТООТВЕТЧИК».

Бир гурух дўстлар оғайниларидан бирининг уйига хашарга боришибди. Уларнинг барчалари уюшган, серғайрат — ахил йигитлар экан. Шунинг учун хам кечгача давом этиши режалаштирилган ишни ярим кундаёқ тугаллашибди. Шундан кейин, ўртага тушган таклифга биноан, хонадон сохиби шу яқин ўртадаги чойхонада тушликка чойхона палов қилиб бериши режалаштирилибди. Сўнгра дўстлар чойхонага бориб, палов дам егунга қадар, у ерда гурунглашиб чойлашиб ўтиришни маъқул кўришибди. Чойхонада барча йиғилгач, хашарга кела олмаган дангасароқ дўстларидан бирига хавотир олиб, телефон қилишибди:

— Аллоо, ким бу? — дейишибди дўстлари.

У ёқдан дўстлари телефонни ўзи олибди-ю, лекин хашарни хуш кўрмаганлигидан айёрлик қилиб, овозини ўзгартириб, жиддий ва ғалати овозда шундай дебди:

— Мен-ман!

— Мен деганингиз ким ахир?

«Автоответчик» — ман!

— Ие, Соқивой тузукми ахир, қани ўзи?

— Соқивой — касал. Даволанмоқда. Хашарга — боролмайди!

— Эх аттанг, ўрнидан тура оладими ўзи?

— Хеч қаерга — бора олмайди , узр! Гапингиз бўлса, мархамат! Етказиб — қўямиз!

— Ха, майли, хашаримиз эртароқ тугаб, чойхонадаги ошимиз хам дам еб, сузадиган пайти яқинлашиб қолувди. Насиб қилмаган эканда, эх аттанг! Унга салом айтинг, бизни номимиздан. Тезроқ соғайиб кетсин!

Шу пайт телефонда у ёқдан нимадир деб минғирлаган овоз эшитилибди, лекин тушунарсиз экан. Сўрашибди:

— Хой, «Автоответчик», нималар деяпсан ўзингдан-ўзинг?

«Автоответчик»ни ўйлаб топганга хам, ош дам еган пайтда улфатлар ёнига бора олмаган дангаса — ношудга хам лаънатлар бўлсин деяпман!