Бир куни беш нафар нотаниш кимса бир зиёфатда бирга ўтириб, ўзаро сухбатлашиб қолишибди. Уларнинг сухбатлари мавзуси автомашинани ким қандай бошқаради-ю, кимни ДАН ходими неча марта тўхтатиши хақида бўлибди.

Биринчи кимса гап бошлаб дебди:

— Мен автомашинамда мижозларни юмушларини яхшироқ битиришга харакат қиламан. Бир танишим менга махсус «тумор» тайёрлаб берган. Доим ўша туморни ёнимда олиб юраман. Шунинг учун хам мени ДАН ходимлари уч йил давомида бир марта тўхтатдилар холос!

— Қойил — дейишибди қолганлар.

Гапни иккинчи кимса илиб кетибди:

— Мен хам автомашинамда мижозларни кўнглини олишни мақсад қилганман. Бир танишим менга ажойиб бир кучли дуони ўргатиб қўйган. Мен хар доим шу дуони ўқиб юрганлигим учун, ДАН ходимлари мени фақатгина беш йил давомида бир марта тўхтатдилар холос.

Навбат учинчи кимсага келибди:

— Мен хам мижоз хақида қайғураман. Лекин хозиргача 10 йил давомида фақат бир марта ДАН ходими тўхтатган холос — дебди.

— Бунга қандай эришгансан — сўрашибди ундан қолганлар.

— Чунки мен азбаройи автомашинани тез хайдаганлигимдан ДАН ходимлари мени тўхтатиб улгурмасдан, «пост»дан ўтиб кетиб бўламан — деб жавоб берибди.

Тўртинчи кимса хам бўш келмабди:

— Мен хам анчадан бери автомашина хайдайман. Мана хозиргача мени 15 йил мобайнида ДАН ходимлари бир марта тўхтатдилар холос!….

— Зўрку! Қандай қилиб буни уддалагансан — сўрашибди сухбатдошлари.

— Чунки мен қоидани бузмасликка харакат қиламан. Айниқса, серқатнов жойларда доим «китобий» тарзда автомашинамни бошқараман — деб жавоб қилибди у.

Навбат бешинчи кимсага келибди. У сухбатдошларига бир қараб, шундай дебди:

— Мени хам автомашинам бор. Лекин мени мана 20 йилдирки, бирор марта ДАН ходими тўхтатмаган — дебди.

— Сени олдингда бизлар ип эшолмай қолдикку — дейишибди қолган сухбатдошлари.

— Ахир буни қандай уддалайсан — сўрашибди хайратланиб.

— Авваламбор, мен автомашинамни хамма ерда ва хар доим қоидага риоя қилган холда бошқараман. Кейин эса, қолаверса хар холда ўзим хам ДАН ходимиман ахир!…

© МУАЛЛИФ

От qwert.uz