Ёз фасли эди. Кун иссиқ. Шахар кўчаларидан бирида, йўналишли таксидамиз. Автомашиналарни кўплигидан биз хам секин харакатланаётган эдик. Бу орада машиналар умуман ўрнидан силжимай қолди. Демак йўлда нимадир содир бўлган!…

Қарама-қарши томондан биз томонга пиёдалар йўлакчасидан яёв келаётган бир йигитча, сал нарироқда бир нечта машинанинг тўқнашуви содир бўлгани, улар ДАН ходими келишини кутаётганини айтиб, ўтиб кетди.

Машина салонидаги йўловчиларга разм солдим. Худди китобда айтилганидек, етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган йўловчилар, яъни улар кўп бўлмаса хам, хилма-хил ёшда. Бир пайт хайдовчи чуқур бир «уфф» тортиб юборди. Йўловчилардан ёши каттароғи, «Уфф тортманг, болам, сабр қилинг. Биз хам сизни шоширмаяпмизку» деди. Хайдовчи эса:

— Э, отахон, мен бунга «уфф» тортмадим, аксинча, танишларим билан яқинда бўлиб ўтган тўй можаросини ўйлаб, сиқилиб кетдим…

Отахон хеч нарса демади-ю, лекин «хаммаси тушунарли» дегандай бошини қимирлатиб қўйди. Шундан кейин, хайдовчи хаммамизга бир-бир қараб олди-да, «сехрли эртак»ни бошлагандай хикоясини бошлади:

— Мени бир дўстим ўғлини уйлантирмоқчи бўлиб юрган эди. Умр савдоси хам ўзига яраша мураккаб нарса эмасми, у қизни тавсия қилишди, бу қизни тавсия қилишди. Охири, бир жойда буларга хулқ-атвори-ю, ўзини тутишигача, хуллас уларни тўла қаноатлантирадиган даражадаги қизни топишди. Лекин, афсуски айрим нотўғри урф-одатларимиз хам йўқ эмас. Бир нечта аёл «қайсидир таомил»га кўра ўша қизнинг уйига бориб, уларнинг дарвозасини кўрмоқчи бўлишди. Бориб, кўришди хам. Бориб, кўришсаки, дарвоза «хулвираб» кетган, эски, кўримсиз бир холатда. Дарров хулосани чиқаришибди: «бўлмайди, бизга тўғри келмайди» деб. Мен албаттасига бу холатга чидаб туролмадим. Оғайнимга тушунтиришга харакат қилдим. «Дарвоза ниманиям хал қиларди. Сенга уларни дарвозаси эмас, қизи керакми ўзи» дедим. Оғайним хам «разведка» га борган аёлларнинг гапидан таъсирланиб, менга деярли қулоқ солишни истамади. Хуллас, ўртага совуқчилик тушди. Чунки, ўша хонадонга «дарвоза кўриш» дан олдин хам оғайнимнинг яқинларидан бир неча киши, бир неча марта боришга улгуришган эди. Лекин улар дарвоза масаласини нимагадир кўтаришмаганди…

Орадан бир мунча вақт ўтиб, тақдир тақозосини қарангки, бошқа бир оғайним худди ўша «дарвозаси хулвираган» хонадонга совчи бўлиб борди. Улар дарвозани мухокама хам қилишмади. Барча расм-русумлар ўтказилиб, тўй куни хам белгиланди. Ўтган ой тўй хам бўлиб ўтди. Тўй маросимларида ўша қизга аввалроқ совчи қўйган оғайним хам иштирок этди. Чунки у хам, бу хам оғайнимиз бўлганлиги учун барча гина-кудратларни бир четга йиғиштириб қўйишни маъқулроқ деб топгандик. Лекин энг қизиқ холатлар тўй кунлари ва тўйдан кейинги кунларда содир бўлди…

Хайдовчи шуларни айтаркан, бизга бир рови қараб қўйди. Унинг бу қараши, худди «хикоямни давомини айтишим мумкин, агар сиз буни истасангиз» дегандай эди. Ёшлигимда «1001 кеча» эртакларини ўқиган эдим. Ўша эртакларда эртакнинг энг қизиқ жойига келганда, тонг отиб, эртак тугаб қоларди. Хайдовчининг хикоя қилиш услуби хам шунга бир оз ўхшаб кетди. Хақиқатан хам бу пайтда, автомашиналар қатнови тикланган, бизнинг автомашина эса йўлнинг четроғида жойлашганлиги учун қолган транспорт воситалари бизни сал четлаб, бизга эътибор хам бермай ўз манзили томон ошиқарди. Сўнгра хайдовчи бизни «розилигимиз»ни хам кутмасдан хикоясини, аниқроғи хикоясининг хотима қисмини давом этдирди:

— Боя айтганимдек, тўй кунлари, тўйдан кейин кўп нарса биз учун ойдинлашди. Бу нарсаларни эшитиб, хатто, бир оз хайратландик хам. Маълум бўлишича, қиз тарафнинг, яъни қизнинг ота-онасини чет элда оилавий бизнеслари бор бўлиб, улар чет мамлакатда қўшма корхона эгаси эканлар. Уларнинг асосий вақтлари чет мамлакатларда бўлганлиги сабаб, дарвоза у ёқда турсин, хатто ховли-жойлари борлиги хам ахён-ахёнда ёдларига тушган холос. Хаттоки уларда маблағ, имконият етарли бўлсада, асосий эътибор бизнесга қаратилган экан. Бундан ташқари уларни чет элда хам алохида уй-жой, автомашина, вилла каби кўчмас мулклари борлиги хам уларнинг иқтисодий холатини қай даражада эканлигини бизга яхшигина англатиб турарди. Қиз эса уларнинг якка-ю ягона фарзандлари бўлиб хисобланиши хам биз учун янгилик бўлди. Аслида. тўғри, бунақа вазиятда хашамат, бойлик хақида сўз юритиш хам бир оз ноқулай бўлса керак. Лекин, барибир, нима бўлганда хам инсон умр бўйи харакат қилади, курашади. Нима учун? Буларнинг бари фаровон, тўла-тўкис яшаш илинжида эмасми? Оғайнимнинг ўғли ўзи мехнатсевар йигит, олийгохни тугаллаган. Бироқ, улар серфарзанд оила бўлганлигидан, айрим нарсаларда қўллари қисқалик қилаётганди. Менимча, энди улардаги ички-ташқи имкониятларни ўзаро бирлаштирилса, фильмларда таърифланганидек, «қойилмақом жуфтлик» га айланишса ажаб эмас. Кўп ўтмай тўйдан кейиноқ куёвнинг розилигига кўра келин-куёв икковларини хам ўзлари билан чет мамлакатга олиб кетишди. Қарабсизки, «асал ойи» хам, рисоладагидек чет элда бўлди. Хозир куёв бола хам улар билан бирга, ишлаб фаолият олиб бормоқда. Тинч-тотув бахтли хаёт кечиришмоқда. ўзлари четда бўлишса хам, яқинда шу ердан энг замонавий услубда қурилган коттежлардан бирини сотиб олишди хам. Чунки, барибир қачондир ватанларига қайтиб келиб яшашадику, ахир. Аммо шу ерда айтиб ўтмасам бўлмайди, қудачиликдан воз кечган оғайним , айниқса, тўй кунлари умуман ғалати холатга тушиб қолди. Лекин, нима хам деймиз, «бир кам дунё»! Мана сизга дарвоза, мана сизга …

Хайдовчи шуларни айтиб, ўз хикоясини тугатар экан, ичимиздаги ёшроқ йигитга кўз қири билан қараб, имо-ишора қилгандек бўлди. У бу билан гўё «Сен хам йигитча, қиссадан хиса чиқаргин, дарвозани кўриб уйланишни орзу қилмагин» демоқчидай эди.

Хайдовчи машинасини ўт олдириб, бизни манзилимизга элтиб қўйиш учун ошиқди. Хеч ким чурқ этмасди. Чунки хайдовчининг қизиқарли хикояси хаммани ўйлантириб қўйган эди…

Назаримда бу пайтда хар бир йўловчи хикоя қахрамонларига айланган, кимдир куёв, кимдир келин ва яна кимдир қайнота-қайнона ролини хаёлан бажариб, хаёт учун курашмоқда эдилар…

© МУАЛЛИФ

От qwert.uz