Беғам хамшира (Латифа)

Бир шифохонада беғамроқ хамшира ишлар, уни беғамлигидан беморлар азият чекишарди. Бир куни у беморлардан бирига «капельница» («суюқликларни томчилатиб қуйиш») улаб, ўз жойига қайтиб борибди-да, ўша ердан туриб, хар-хар замонда «бемор Рўзиев, яхшимисиз», «бемор Рўзиев, тинчмисиз» деб қичқириб сўраб, назорат қила бошлабди. Бемор эса палатадан туриб, «ха, тинчман» деявериб, товушлари битиб кетибди. Бу орада хамшира ўзини пардоз-андози билан бўлиб, бемордан «ахвол» сўрашни бир оз унутибди. Кейин бирдан эсига тушиб қолиб, яна сўрабди:

— «Бемор Рўзиев, яхшимисиз?!…»

— «Ха, яхшиман!»

— «Ўзингизни яхши сезяпсизми?»

— «Сизга барибир эмасми? Хозир томирларим ёрилса керак!»…

«Ха, нафасингни шамол учиргур» деб ичида тўнғиллабди хамшира қиз.

Яна бир оздан вақт ўтиб, хамшира қайтадан қичқириб, сўрай бошлабди. Шунда, «Ха, олдингидан анча яхшиман» деган овоз хамширанинг орқа тарафидан келибди. Хамшира чўчиб, орқасига ўгирилиб қараса, хеч ким кўринмасмиш. Чўчиб кетиб, ичига туфлаб, яна сўрабди:

— «Хой, кимсан, нега кўринмаяпсан?»…

— «Энди хеч қачон, хеч кимга кўринмайман» — деб қичқирибди ўша сирли овоз яна орқа тарафдан.

Хамшира қиз қўрқиб кетибди. Аммо, беғамликни кучи билан, шунда хам, «Тарки одат — амри махол» деганларидек, ўтирган еридан туриб фаррош аёлга бақирибди:

— «Холажон, илтимос, бемор Рўзиевни палатасига кириб, қараб қўйингчи?!»…

Фаррош хотин бир оздан кейин, бутун коридорни бошига кўтариб, қийқириб дебди:

— «Вой ўлмасам, хамшира қизим! Беморингни «капельница»си тугаган, лекин ўзи нафас олмай, полда ётибди. Югур бу ёққа тезроқ!»…

© МУАЛЛИФ

  • Материаллар фақат шахсий мақсадларда фойдаланиш учун: Материаллардан тижорат мақсадларида фойдаланиш, тарқатиш қонун билан тақиқланади.
  • «Муаллифлик хуқуқи ва турдош хуқуқлар тўғрисида» ги Ўзбекистон республикаси Қонуни: № 42 сон, 20 июнь. 2006 йил.