Кунлардан бир куни Насриддин Афанди лотореяга 3 кишилик чет эл саёхатини ютиб олибди. Шунда у хотини ва қайнонаси билан биргаликда яшаётганлиги учун, «ноилож» уччовлари саёхатга отланишибди. Саёхат жуда мароқли ўтибди. Бир олам таассуротлар билан ортларига қайтишибди. Аксига олиб, йўлда қароқчилар тўдаси уларга хужум уюштириб, бор-йўқларини битта қўймай шилиб олишибди. Бу қароқчилар одатларига кўра, босқинчилик қилганларидан кейин, хеч қачон гувохларни тирик қолдирмас эканлар (Қаранга, худди «Али бобо ва қирқ қароқчи» фильмидаги Абул Хасаннинг ўзгинаси-я!). Шундай бўлса хам, қароқчилар тўда бошиси ўз қоидаларини бироз ўзгартириб, Насриддин Афандига шундай дебди:

— Уччовларингиздан бирингизни қатл қилишим шарт. Танлаш имкониятини бераман. Кимни қурбон қилишни ўзларинг танланглар!…

— Мен хали ёшман, ўн гулимдан бир гулим хам очилгани йўқ. Яшашни истайман! — дебди хотини кўз ёши тўкиб.

— Мен эса эндигина қайнона бўлдим, мени орзу-хавасларим хали олдинда. Набираларимни бағримга босишни истайман! — дебди қайнонаси кўз ёш тўкиб.

Шунда Насриддин Афанди хеч ўйлаб ўтирмай ўзини қатл қилишларини сўрабди. Қароқчилар тўда бошиси ва қароқчилар бундан ажабланишибди.

— Нахотки ўз умрингга ачинмасанг, мана бу аёллардан бирини…

— Йўқ, мени ўзимни тезроқ қатл қилишларингни хохлайман — дебди уларни гапини бўлиб, Насриддин Афанди.

Қароқчилар тўда бошиси, ўйлаб туриб, шундай дебди:

— Мен шу ёшга кириб, турмуш ўртоғи билан қайнонасини шунчалик қадрлайдиган инсонни биринчи марта кўришим. Мен бундан ғоятда таъсирландим. Сен менимча ёки ўта фидойи инсонсан, ёки ўта ахмоқсан. Майли, нима бўлганда хам, сизларни уччовларингизни озод қиламан.

У шундай дея, улардан тортиб олинган барча нарсаларни хам қайтариб беришларини буюрибди. Насриддин Афанди хотини ва қайнонаси билан уччовлари мамнун холда йўлга тушишибди. Йўл бўйи Насриддин Афандига қайнонаси ва хотини томонидан миннатдорчилик дил — изхорлари, мақтовлар тўхтамабди.

Уччовлари жўнаб кетишганда, қароқчилар тўда бошиси ўйга чўмибди:

— «Нахотки бу инсон шунчалик хотини ва қайнонасига жонини хам раво кўрадиган даражада фидокор бўлса. Қизиқ, буни албатта текшириб кўриш керак» — деб ичидаги қизиқиш зўрлик қилиб, қўл остидаги қароқчилардан бирини уларнинг ортидан жўнатиб, «хийла билан гапириб, эркакдан қахрамонлигининг асл сабабини аниқлаб келишни» буюрибди. Қароқчи тезроқ йўл босиб, уччовларига етиб хам олибди. Уларга ўзини қароқчилардан бири эканлигини билдирмай, бир зумда хийла билан ишончларини қозонибди-да, гўёки унинг (Насриддин Афандининг) қахрамонлиги кўпчиликка маълум бўлгандай муомала қилиб, эркакдан нима сабабдан бундай «қахрамонлик»ка қўл урганлиги сабабини сўрабди. Шунда халиги эркак, яъни Насриддин Афанди қароқчини ўзини четроққа тортиб:

— «Хой вайсақи, менга қара, миянг жойидами ўзи? Қанақанги бемаъни қахрамонлик хақида гапиряпсан? Мен қайнонамни қурбон қилдирсам, хотиним бир умр менга кун кўрсатмаган бўларди, агарда борди-ю хотинимни қурбон сифатида танласам, қайнонам менга бир умр кўз очирмаган бўларди. Шунинг учун хам яхшиси, бир йўла уларнинг икковларидан қутулиш мақсадида, иложсизликдан ўзимни қурбон қилишга рози бўлгандим-да» — деб жавоб қилган экан Насриддин Афанди.

  • Материаллар фақат шахсий мақсадларда фойдаланиш учун: Материаллардан тижорат мақсадларида фойдаланиш, тарқатиш қонун билан тақиқланади.
  • «Муаллифлик хуқуқи ва турдош хуқуқлар тўғрисида» ги Ўзбекистон республикаси Қонуни: № 42 сон, 20 июнь. 2006 йил.

© МУАЛЛИФ

От qwert.uz