Дугонасига Лола,
Бир куни деди шундай:
«Ўртоқжоним бир бора,
Мен билан ўтир бундай.

Қуён хақида сенга,
Эртак айтиб берайин».
Дугонаси дер унга:
«Майли қулоқ солайин».

«Қадим ўтган замонда,
Бор экан битта қуён.
Кўзлари хар томонда,
Қараркан у ён бу ён.

Сўрасанг ранги — тусин,
Оппоқ экан у ўзи.
Қулоғи бирам узун,
Қоп-қора экан кўзи.

Феъл-атвори тор экан,
Сал нарсага қақшаркан.
У ёшгина ғўр экан,
Сенга жуда ўхшаркан.»

Эртак шу ерга етиб,
Дугонаси «портлабди».
«Мени мазах қилма» деб,
Жахл қилиб, додлабди:

«Эртагинг қуриб кетсин,
Менга ёқмади сира.
Телевизор кўрайин,
Уйимда ундан кўра!».

Абдулла Пулатов

  • Материаллар фақат шахсий мақсадларда фойдаланиш учун: Материаллардан тижорат мақсадларида фойдаланиш, тарқатиш қонун билан тақиқланади.
  • «Муаллифлик хуқуқи ва турдош хуқуқлар тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни: № 42 сон, 20 июнь. 2006 йил.

© МУАЛЛИФ

От qwert.uz