Ялпиз қисмати (шеър)

-«Эрта бахор чоғида,
Чиқдим хушбўй хид билан.
Бахоройнинг боғида,
Безак бўлдим, дид билан.

Одамлар мени териб,
Хидимдан завқ олишар,
Жиддий эътибор бериб,
Таомларга солишар.

Ёз келгач, бахор ўтиб,
Кетди хидим, чиройим.
Ариқ бўйида туриб,
Хаёл сураман доим.

Инсонлар ёшлигимда,
Қадрлашиб севдилар.
«Бизга кераксан жуда,
Дориворсан» — дедилар.

Қариганимда эсиз,
Фойдам тегмай қолибди.
Шуларни айтиб ялпиз,
Чуқур ўйга толибди.

Ўксиниб тақдиридан,
Ялпиз қиларкан нола.
Бир махал қайси ердан,
Келиб қолди бир бола.

Юриб илдам ва чаққон,
Ялпиз олдига келди.
Сўнгра ялпизга шу он,
Охиста шундай деди:

-«Салом сенга ялпизжон,
Бизга жуда зарурсан.
Туршакларни хар қачон,
Қуртлардан қутқарурсан».

Деб бола ўроқ билан,
Ялпизни ўриб олди.
Не учун ўрилганин,
Ялпиз хам билиб олди.

Охирги нафасда хам,
Ўзини қурбон қилиб,
Ялпиз бахтиёр бу дам,
Инсонга наф келтириб!

Абдулла Пулатов

Материаллар фақат шахсий мақсадларда фойдаланиш учун: Материаллардан тижорат мақсадларида фойдаланиш, тарқатиш қонун билан тақиқланади.

«Муаллифлик хуқуқи ва турдош хуқуқлар тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни: № 42 сон, 20 июнь. 2006 йил.

© МУАЛЛИФ