Машина ювилди (шеър)

Куни-кеча Афанди,
Янги машина олди.
Машинасига энди,
Бир яхши «гараж» солди.

Дўстлари дер: -«Афандим,
Машинангиз ювайлик.
Шу бахонада балким,
Бир маишат қилайлик.

Биз борамиз кечқурун,
Тайёргарлик зўр бўлсин.
Хаммасидан хам бурун,
«Анавиндан» мўл бўлсин!»

Уни бундай ишларга,
Тажрибаси кўп эди.
Жилмайиб айёрона,
Дўстларига «хўп» деди.

Афанди уйда, мана,
Тайёргарликлар катта.
Саккиз челак — сув тўла,
Ва яна шунча латта.

Дўстлари кўп ўтмасдан,
Бирин-кетин келишди.
«Яхши тайёргарлик»дан,
Рости, хайрон бўлишди.

Шунда ноилож улар,
Машинани ювдилар.
Қорайдику баллонлар,
Ялтиради салонлар.

Афандининг ишидан,
Қотиб-қотиб кулдилар.
Воз кечишиб паловдан,
Уйга жўнаб қолдилар.

Абдулла Пулатов

Материаллар фақат шахсий мақсадларда фойдаланиш учун: Материаллардан тижорат мақсадларида фойдаланиш, тарқатиш қонун билан тақиқланади.

«Муаллифлик хуқуқи ва турдош хуқуқлар тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни: № 42 сон, 20 июнь. 2006 йил.

© МУАЛЛИФ