Кўлнинг суви жуда соф,
Қамишга тўла атроф.
Кўлда сузар лайлаклар,
Кўл ичра — қурбақалар.
Лайлаклардан биттаси,
Кичигими, каттаси,
Хийла йўлини топди,
Сувда хар томон чопди.
Қурбақани чақирди,
Эшитсин деб бақирди:
Деди: «Дўстим қурбақа,
Сувдан чиққин бу ёққа.
Олиб келдим ўйинчоқ,
У бизга зўр овунчоқ.
Сувдан чиқсанг иккимиз,
Тўйиб- тўйиб ўйнаймиз.
Сўзимга ишон фақат,
Гапларим чин хақиқат!».
Бу гапга тушиб лаққа,
Сувдан чиқди қурбақа.
Деди: «Қани ўйинчоқ,
Қани ўша овунчоқ?».
-«Уни қўйдим қирғоққа,
Қарагин ўша ёққа!».
-«Қизиқмисан, лайлакжон,
Нега сўзлайсан ёлғон?
Хеч нарса йўқ қирғоқда!»
-«Ўзинг яхшилаб боқ-да,
Э-ха, қурбақа, узр,
Бўйинг пакана ахир!
Тумшуғимга чиқ ўртоқ,
Чиқиб, қирғоқ томон боқ.
Ўйинчоқни кўрарсан,
Ишонч хосил қиларсан!».
Ишониб бу гапига,
Чиқибди тумшуғига.
Умидвор ўйинчоққа,
Қаради у қирғоққа.
Деди: «Алдабсан мени,
Ўша ўйинчоқ қани?».
Бу гапдан лайлак кулди:
-«Кўнглимдаги иш бўлди,
Тушиб қолдинг тузоққа,
Боролмайсан узоққа.
Сенда йўқ ортиқ гапим,
Сени ейиш мақсадим!».
Қурбақа тез ўйлади,
«Режа» қилиб, сўйлади:
«Биласанми, лайлаквой,
Энди холимизга вой!
Хов қирғоқда овчилар,
Бизни мўлжалга олар!».
Жон ширинда лайлакка,
Кўтарилди фалакка.
Қурбақа шу захоти,
Ўзини сувга отди.
Қурбақа хурсанд бўлиб,
Душманидан қутулиб,
Сузиб, ўйнарди сувда,
Лайлак эса хавода,
Билгач унинг хийласин,
Билмасди не қилишин.
Қурбақа дер: «Хўш, қалай,
Хийла бўлади бундай!
Нега хафа бўласан,
Экканингни ўрасан.
Хийлангга қилдим хийла,
Тошингни тер, бор ўйна!».
Қурбақа айтиб шуни,
Сувга урди ўзини.
Мўлтирар лайлак хайрон,
Шу билан эртак тамом!…
Абдулла Пулатов
Материаллар фақат шахсий мақсадларда фойдаланиш учун: Материаллардан тижорат мақсадларида фойдаланиш, тарқатиш қонун билан тақиқланади.
«Муаллифлик хуқуқи ва турдош хуқуқлар тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни: № 42 сон, 20 июнь. 2006 йил.
© МУАЛЛИФ