Азон пайти, ғира-ширада,
Қаергадир кетарди бир чол.
Зўрға-зўрға қадам босарди,
Юриш учун, келмасди мажол.
Бир туп толнинг олдига етиб,
Ўтирди чол. суяниб толга.
Баргларини сал қимирлатиб,
Салом берди гўёки чолга.
Шу толни чол кўп йиллар бурун,
Эккан эди, эрта бахорда.
Парваришлаб, кўрсатиб мехрин,
Сув қуярди, эрта сахарда.
Мана бугун, охирги дафъа.
Чол толига, ташлади нигох.
Гўё тол хам, турарди хафа,
Барча ишдан, бўлгандай огох.
Чолни енгиб, хасталик шунда,
Назар ташлар, азиз толига,
Тўхтаб юрак уриши бирдан,
Чол йиқилди толнинг ёнига.
Тонг отганда, тушганда ёруғ,
Тол тагида, жасад кўрдилар.
Яқинлари, қариндош уруғ,
Иззат билан, чолни кўмдилар.
Эртасига, қизиқ бир холат,
Қуриб қолмиш, ўша тол қаранг!
Бу нимадан, ахир далолат,
Лол қолдилар, бўлиб хангу-манг!
Аямаса, қуёш нурини,
Оқиб ўтса, тагидан анхор.
Унда нега толнинг умрини…
…Ха. бу ерда, қандайдир сир бор!
Қизиб кетди, бахс ва савол,
Келмадилар, булар тўхтамга.
Шунда кекса, нуроний бир чол,
Сўзлай кетди, барча одамга:
-«Салкам юзта бахорни кўриб,
Кўрмагандим, лекин бу холни.
Келинг, чолни қабрига бориб,
Ўтқазайлик мана шу толни!».
Тол барибир, кўкармас энди,
Лекин бундан, чолнинг рухи шод.
Яхшиликни, қилмайлик канда,
Ахир бизга, эмаску у ёт!
Умид боғлаб, савоб ажрига,
Кўчирдилар, толни ўрнидан.
Ўтқаздилар, чолнинг қабрига,
Ўрин олди, қабр ёнидан.
Эртаси кун, зиёрат қилиб,
Чол қабрига, келди фарзандлар.
Хайрат билан, қолдилар кўриб,
Кўкариб тол, ёзибди барглар.
Ақл бовар қилмайди кўриб,
Қабристонда сувдан йўқ нишон.
Лек шунда хам турар кўкариб,
Хақиқатми ёки бу ёлғон.
Буни билиб, одам тумонат,
Қабристонга оқди, сув каби.
Тол билан чол хақида фақат,
Келганларнинг сўзлаган гапи.
Хўш тол нима, оддий ўсимлик,
Лекин қаранг, тутган ишини!,
Баъзан инсон шу дарахтчалик,
Бўлолмай, лол қилар кишини!…
Абдулла Пулатов
Материаллар фақат шахсий мақсадларда фойдаланиш учун: Материаллардан тижорат мақсадларида фойдаланиш, тарқатиш қонун билан тақиқланади.
«Муаллифлик хуқуқи ва турдош хуқуқлар тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни: № 42 сон, 20 июнь. 2006 йил.
© МУАЛЛИФ