Учрашдилар ногахон бугун,
Қўлда портфель, бирида тугун.

Бир-бирига қарашди зимдан,
Уялгандай худди бир кимдан.

Бир-бирига дардларин сўзлар,
Фақат кўзлар, ха, фақат кўзлар!…

***

Дуч келдилар бугун бир бора,
Қўлларида эса — набира,

Зимдан қараб бир-бирларига,
Ва кетдилар манзилларига!…

***

Учрашдилар бугун хам қаранг,
Икковлари юришар аранг.

Қўлларда йўқ, арзирли нарса,
Фақатгина — биттадан хасса!…

***

Қизиқ экан, тақдири азал,
Ёнма-ёндир — хаёт ва ажал.

Учрашдилар охирги дафъа,
«Учрашув»да сўнгги сахифа.

Бири жонсиз, бири сукутда,
Бири «саф»да. бири тобутда.

Жонсиз таъна — кетди қабрга,
Хотиралар — у билан бирга!…

Абдулла Пулатов

Материаллар фақат шахсий мақсадларда фойдаланиш учун: Материаллардан тижорат мақсадларида фойдаланиш, тарқатиш қонун билан тақиқланади.

«Муаллифлик хуқуқи ва турдош хуқуқлар тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни: № 42 сон, 20 июнь. 2006 йил.

© МУАЛЛИФ

От qwert.uz