Вояга етмаган қизни зўрлаганликда айбланаётган Жасур Умиров қамоққа олинди

Хонанда Жасур Умиров вояга етмаган Ш.М.нинг номусига теггани юзасидан 9 декабрь куни Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатган ва ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари бормоқда, дея хабар бермоқда вилоят прокуратураси.

Ш.М. адвокати М.Рустамова билан биргаликда вилоят прокуратурасига мурожаат этиб, тергов ҳаракатларидан норозиликларини баён этган. Шундан сўнг жиноят иши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган  — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради.    

Ишда тўпланган далиллар асосида хонандага нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисми «а» банди (ўн саккиз ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) билан айб эълон қилиниб, суднинг 21 декабрь кунидаги ажримига асосан унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.

Жиноят иши тергови вилоят прокурори Р.Машарипов томонидан алоҳида назоратга олинди.

Аввалроқ бу иш бўйича Ўзбекистоннинг машҳур хонандаси Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида лицейнинг биринчи курсини эндигина тамомлаган, вояга етмаган қизнинг номусига теггани, ИИБ эса хонандага нисбатан жиноий иш очишни рад этгани, Бош прокуратура қарор қонунийлигини текшириши маълум қилинганди. Шундан сўнг Бош прокуратура мазкур ҳолат бўйича қўшимча текширув тайинлангани ҳақида хабар берганди.