Саудия Арабистонида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фаол қамоқдан озод қилинди

Аёллар ҳуқуқлари фаоли Лужайн ал-Ҳатлул Саудия Арабистонидаги қамоқдан озод қилинди, дея хабар бермоқда BBC.

Фото: The Guardian

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси 10 февраль куни озод қилинди. Нашрнинг таъкидлашича, ал-Ҳатлулга оммавий ахборот воситалари билан мулоқот қилиш ва Саудия Арабистонидан чиқиб кетиш тақиқланган. Ал-Ҳатлул оиласининг билдиришича, фаол унга қўйилган чекловларга қарши чиқмоқчи  — деб бу хақда «Daryo» нашри хабар беради.

«Биз ҳақиқий адолатни қўлга киритмоқчимиз. Лужайн тўлиқ, сўзсиз озод бўлиши учун», – дейди синглиси Лина.

Бундан ташқари, ал-Ҳатлул уни қамоқхонада қийноққа солганларни, хусусан, валиаҳд шаҳзода Сауд ал-Қаҳтонийнинг собиқ маслаҳатчисини судга бермоқчи.

Фаол 2020 йил охирида «қиролликни беқарорлаштиришга уриниш» айблови билан беш йил-у саккиз ойга озодликдан маҳрум қилинган эди. Бунгача ал-Ҳатлул фаол равишда аёлларга машина ҳайдашга рухсат берилишини тарғиб қилган. У 2018 йил май ойида, Саудия Арабистонидаги аёлларга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи берилишидан бир неча ой олдин ҳибсга олинган.

Аёллар автомобиль бошқариши учун рухсат берувчи қонун қабул қилинганига қарамай, на ал-Ҳатлул ва на бошқа фаоллар озод қилинган. Улар бир неча бор қамоқхонада қийноққа солингани ҳақида хабар берилган.

Бундан аввал Саудия Арабистонида валиаҳд шаҳзоданинг футуристик шаҳар лойиҳасига қарши чиққан киши отиб ташлангани, Саудия Арабистонида эрта никоҳ қуриш тақиқлангани ҳамда саудиялик журналист Жамол Қошиқчини ўлдиришда айбланган беш киши ўлим жазосига ҳукм қилингани ҳақида хабар берилганди.